HRW «Нукус воқеалари» билан боғлиқ тергов ишларида адолат таъминланишини талаб қилди

ngo-monitor.org сайти фотосурати

Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистоннинг ҳамкорлари, хусусан, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва Германияга мурожаат қилиб, мазкур Марказий Осиё республикаси расмийларини 2022 йил Нукус воқеалари билан боғлиқ ишларни адолатли текширишга чақиришни сўради. Тегишли баёнот Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг икки йиллиги муносабати билан 1 июль куни HRW сайтида эълон қилинди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ўзбекистон Қорақалпоғистондаги митинглар чоғида ҳалок бўлганларнинг адолатга бўлган ҳуқуқини таъминламаган, шунингдек, намойишларни бостириш учун ҳаддан ташқари куч ишлатган бирорта ҳам юқори мартабали амалдорни жавобгарликка тортмаган.

«Ўзбекистон ҳамкорлари мамлакат раҳбариятини яна бир бор адолатни таъминлашга чақириши ва фаолларга нисбатан Қорақалпоғистонда ҳам, ундан ташқарида ҳам давом этаётган таъқибларни қоралаши лозим», — дейди HRW нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.

Ташкилот 2022 йил 1 ва 2 июль кунлари Нукус ва Қорақалпоғистоннинг бошқа шаҳарларида кўплаб аҳоли Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларга қарши митингларга чиққанини, мазкур ўзгартиришларга кўра республика ўз суверен мақомини йўқотишини, бу эса одамларнинг Ўзбекистон таркибидан чиқиш масаласи бўйича референдум ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилишини эслатиб ўтди.

Икки кун давом этган тартибсизликлар чоғида расмий маълумотларга кўра, 21 киши, жумладан, тўрт нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган, 270 дан ортиқ фуқаро жароҳатланган.

Июль ойи бошида содир бўлган воқеалардан сўнг дарҳол хавфсизлик кучлари 500 дан ортиқ одамни ҳибсга олган, натижада намойишларда қатнашган бир неча ўнлаб кишилар судланувчилар курсисидан жой олган. Терговчилар томонидан тартибсизликлар ташкилотчиси деб топилган нукуслик ҳуқуқшунос ва журналист Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шу билан бирга, HRW ёзишича, расмийлар унинг панжара ортидаги қийноқлар ва шафқатсиз муомалаларга дучор бўлганига оид даъволарини эътиборсиз қолдирган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг эслатишича, Нукус воқеаларида ноқонуний хатти-ҳаракатларда қўлга олинган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига нисбатан ҳам республикада жиноий ишлар қўзғатилган. Шундай қилиб, 2023 йил август ойида Когон шаҳар суди Ички ишлар вазирлигининг икки ходимини қийноқлар учун етти йилга, яна бир ходимни ёлғон гувоҳлик бергани, одам ўлимига олиб келувчи хавф остида қолдиргани учун уч йилга озодликдан маҳрум қилган.

2022 йил декабрида Ўзбекистон Бош прокуратураси Қорақалпоғистондаги митинг иштирокчиларининг ўлими ва намойишларни тарқатишда ўқотар қуроллар қўлланганига доир текширувларни бошлаганди. Human Rights Watch ташкилоти таъкидлашича, ўшанда парламент комиссияси иш материалларини ўрганишга киришган. Аммо мутахассислар ҳали ҳам ўз ишларидан бирон бир хулосани тақдим этишмаган.

ℹ️ 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтганди. Иштирокчилар Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритишга қарши чиқишган. Намойишлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, мазкур тузатишларни бекор қилишни талаб қилганидан сўнг якунланганди.

«Нукус иши» бўйича биринчи суд жараёни 28 ноябрдан 31 январга қадар бўлиб ўтди. Судда иштирок этган асосий шахс, «Эл хизматида» газетасининг 43 ёшли собиқ бош муҳаррири Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди ва у 228,8 миллион сўм (20,2 минг доллар) миқдорида товон тўлайди.

Иккинчи суд жараёни ўтган йил март ойида якунланди. Натижада 28 нафар айбланувчи беш йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилди, яна 11 нафар айбланувчига эса беш йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

2023 йил июнь ойида Ўзбекистон Олий судининг апелляция комиссияси «Нукус иши»га алоқадор шахслар шикоятларини кўриб чиқиш натижаларини эълон қилди. Саккиз маҳкумнинг жазоси енгиллаштирилиб, тўғридан-тўғри суд залига қўйиб юборилди. Аммо Тажимуратовнинг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ