Тошкент вилоятида яшовчи фуқаронинг уйида Қозоғистон ҳудудига олиб борувчи туннел аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди.
Туннел Ҳиндистондан Қозоғистонга келтирилган дори воситаларини чегарадан ноқонуний олиб ўтишда фойдаланилган. Хавфсизлик кучлари уни сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний олиб келиш билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятини фош этганидан сўнг аниқлаган.
Контрабандачиларни қўлга олиш бўйича ўтказилган тезкор тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, Чегара қўшинлари ҳамда Ўзбекистон Божхона қўмитасининг «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари иштирок этган. Аниқланишича, жиноий гуруҳ томонидан навбатдаги дори воситалари «Деҳли-Тошкент-Олмаота» авиайўналиши орқали транзит тарзда «Олмаота» халқаро аэропортига олиб келиниб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани «Дўстлик» аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент вилоятининг Тошкент тумани «Ўрикзор» маҳалласида яшовчи 49 ёшли фуқаро уйига олиб келинган.
Туннел узунлиги 310 метр бўлиб, ҳаво вентиляцияси, ёритиш тизими, юкларни ташишга мўлжалланган аравалар ва арқонлар билан жиҳозланган.
Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоларидан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 107 турдаги 17 минг донадан ортиқ дори воситалари, жумладан «Альбумин», «Ремдесивир», «Меропенем» ва бошқалар мусодара қилинган. Контрабанда 1 миллиард сўмдан ортиқ (87 минг доллар) бўлган.
Гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилган.
ℹ️ Бундан олдин Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида яширин туннеллар аниқлангани ҳақида бир неча бор хабар берилган эди. Улар ёрдамида жиноятчилар истеъмол товарлари ва хорижий валюталарни олиб ўтишган.