Гувоҳнинг сўзларига кўра, укасининг ўлимига орган ходимлари сабаб бўлган

repost.uz сайти фотосурати

Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида яшовчи Дилшод Юсупвалиевнинг айтишича, унинг укаси Дилмуроднинг ўлимига уни аёвсиз калтаклаган ички ишлар органи ходимлари сабаб бўлган. Ушбу воқеага гувоҳ бўлган инсон билан интервью «Газета.uz» сайтида чоп этилди.

Дилшод Юсупвалиевга кўра, 19 июнь куни Бекобод шаҳар судида 7 йилга озодликдан маҳрум этилган бошқа укаси Хусан устидан суд жараёни якунланган. Қариндошлар ҳукмга рози эмаслигини билдиришган, шу сабаб уларни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳибсга олишган.

Бекободлик фуқаронинг аниқлик киритишича, суддан Ички ишлар бўлими биносигача бўлган масофа тахминан 150 метр бўлиб, у ва унинг укаси тезда бўлимга олиб кетилган ва «нулёвка» деган хонада иккаласини калтаклай бошлашган. Бир ИИБ ходими Дилмуродни ушлаб турса бўлса, яна уч нафари уни тепиб, дубинка билан уришган.

«Ўша ерда саккиз нафар ички ишлар ходими бор эди. Учтаси мени урган бўлса, қолгани укамни урди, ҳаммаси ёш йигитлар экан. Улар тез ёрдам чақириш ўрнига укамни «нулёвка» хонасининг эшиги олдида яна урди. Навбатчи ходимга ҳам тез ёрдам чақиришини айтдим, аммо чақиргани йўқ, ҳаммаси томошабиндек қараб турди. Ходимлар бизни 7−10 минут давомида уришди», — дея эслайди Юсупвалиев.

У кўчага чиқиб, кимдандир тез ёрдам чақиришини сўрамоқчи бўлади, лекин милиция ходимлари уни тушунтириш хати ёзишни талаб қилиб, яна бинога олиб киришади. Бу вақтда у укаси аллақачон вафот этганини тушунган.

«Сардор деган терговчи йигит билан укамнинг пульсини ўлчаб кўрдик. Сунъий нафас бериб, юрагини массаж қилдим. Чиқиб кетаётганимда укамнинг танасининг бир қисми калтакланган хонада бўлса, бир қисми коридорга чиқиб турганди. Мен келганимда коридорга чиқариб, узала ётқизиб қўйишган экан. Кўкариб, танаси совиб қолганди», — дейди гувоҳ.

Марҳумнинг олдига келган «милиция бошлиғи» уни ИИБда калтаклашлари мумкин эмаслигини, чунки ҳамма жойда камералар ўрнатилганлигини айтган. Бунга жавобан Дилшод Юсупвалиев милиция ходими урган қулоғини кўрсатди. Кейинчалик маълум бўлишича, бекободлик фуқаронинг қулоқ пардаси ёрилиб кетган экан.

У ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг укаси Дилмурод ва унга нисбатан ваҳшийларча муносабатда бўлишганини ҳалигача тушунмайди. Ахир, ака-ука жиноятчи бўлмаган, улар адолатсиз дея суд қарорига қарши чиқишган.

Жабрланувчининг қўшимча қилишича, укаси вафотидан сўнг унинг тўрт нафар вояга етмаган болалари отасиз қолган.

Юсупвалиев Ўзбекистон Президенти Администрацияси ва Давлат хавфсизлик хизмати раисига мурожаат қилиб, укасининг ўлимида айбдор кимсаларни жазолашда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.

«Бизни урган ходимларнинг барчасининг исм-фамилияси, яшаш манзилигача маълумот бор. Нега уларни ички ишлар кўчага қўйиб юборганига, улар эркин юришганига ҳайронман. <…> Укамнинг ўша хонада жони узилганининг расмлари, видео- ва аудиоёзувлари турибди менда. Марҳум укам ва мени урган саккиз нафар ИИБ ходимининг барчасига чора кўрилишини талаб қиламан. Биттасига чора кўриб, қолганини яширишларини хоҳламайман», — дейди бекободлик.

Бу воқеа 21 июнь куни маълум бўлди. Шундан сўнг Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, қўлга олинган шахс суд қароридан норози бўлиб, Бекобод ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашиб, ҳушини йўқотган. Фуқаро касалхонага етказилган, шифокорлар унинг ўлганини аниқлашган.

Интернетда қўлга олинган шахснинг калтаклангани ҳақидаги версия пайдо бўлгач, республика ИИВ матбуот хизмати ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари бошланганини жамоатчиликка маълум қилди. Видеокамералардаги ёзувлар ўрганилмоқда ва экспертиза тайинланган.

Кейинроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси Бекобод милиция бўлимида эркак ўлимига алоқадорликда гумон қилинган ИИБ ходими ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ