2024 йил 22 март Россия тарихига энг қайғули саналардан бири сифатида муҳрланди. Шу куни кечқурун Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да машҳур рок-гуруҳ концерти олдидан автоматлар билан қуролланган бир неча террорчилар бинога бостириб кириб, ҳаммани ўққа тута бошладилар. Шундан сўнг жиноятчилар бинога ўт қўйишган. Бугунга келиб ушбу даҳшатли ҳужум натижасида 140 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ва бир неча юз киши жароҳатлангани маълум. Россия хавфсизлик кучлари ҳужумчиларнинг тўрт нафарини тезда қўлга олди. Улар Тожикистон фуқаролари бўлиб, мамлакатда тақиқланган «Исломий давлат»* тарафдорлари бўлиб чиқди. Ҳукумат гумонланувчиларнинг миллатини ошкор қилиш орқали «Пандора қутиси»ни очиб ташлади – Россияда Марказий Осиё давлатларидан келган бир неча миллионни ташкил этувчи мигрантларга нисбатан босим кучайди.
Ғишт қолипдан кўчди
Фожиадан бир кун ўтиб, «Крокус»даги терактни содир этганликда гумон қилинганлар қўлга олингани ва гумонланувчиларнинг шахси ҳақида расмий хабарлар пайдо бўлди. Деярли дарҳол интернетда россияликларнинг тожикларга нисбатан салбий муносабатда бўлаётгани ҳақидаги фактлар пайдо бўла бошлади. Жумладан, таксига буюртма бераётганда ҳайдовчининг миллатини сўраб, тожикистонлик эканини билиб қолишса, сафарни бекор қилишаётгани маълум бўлди. Айрим муҳожирларга кўра, уй-жой ижараси қийинлашган. Мулк эгалари ижарачининг фуқаролиги тўғрисида қатъиян сўрашни бошлашган. Бундан ташқари, Your.tj нашри уй эгалари Тожикистон фуқаросидан эгаллаб турган хонадонни бўшатишни сўраган ҳолат ҳақида ёзган.
Иш берувчиларнинг хорижликларга муносабатини ўзгартирганлиги ҳақида шикоятлар бор. Бир неча тожикистонлик фуқароларнинг айтишича, миграция ҳужжатлари тўлиқ тартибда бўлишига қарамай, раҳбарият уларни ўз маблағлари ҳисобидан икки ҳафта дам олишга мажбурлашган. Бундан ташқари, ушбу мажбурий таътилдан кейин ходимлар қайтариладими ёки улар даромадсиз қолашадими, буниси номаълум.
Благовешченскда номаълум шахслар мигрантларга тегишли савдо шохобчасини ёқиб юборишган. Шу билан бирга, шаҳар мэри Олег Имамеев жиноятчилар катта эҳтимол билан этник асосда ҳаракат қилишган, деб тахмин қилади.
Калуга шаҳрида уч нафар Тожикистон фуқароси кўчада дўппосланган. Чет элликлар шу қадар қаттиқ калтакланганки, улардан бири касалхонага ётқизилган. Айрим шаҳарларда «келгинди»ларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари қайд этилган. Одамларнинг гувоҳлик беришича, мигрантлар бир гуруҳ ёшлар томонидан ҳужумга учраган ва полиция муштлашувга аралашмаган.
Таъкидлаш лозим, Москва вилоятидаги фожиа жамиятни ёшига қараб иккига бўлган. Екатеринбургда яшовчи бир тожик айтганидек, «гарчи катта авлод вакиллари террор хуружидан кейин чет элликларга муносабатини ўзгартирмаган бўлса, ёшлар бизга нафрат билан қарашмоқда».
Миграция хизматлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ҳам текширувлар фаоллашган. Муҳожирларга бепул хизмат кўрсатувчи адвокат Валентина Чупикнинг сўзларига кўра, «Крокус»даги воқеадан бир неча кун ўтгач, унга собиқ СССРнинг Марказий Осиё республикалари фуқароларидан таъқиблар ҳақида шикоятлар билан икки ярим мингдан ортиқ қўнғироқлар бўлган. Унинг сўзларига кўра, аввалига қирғизистонликлардан энг кўп мурожаатлар бўлган, чунки рейдлар ушбу мамлакатдан кўплаб одамлар ишлайдиган такси соҳасида ўтказилган. Аммо бир неча соат ичида «етакчилик» ўзбеклар ва тожиклар томонидан қўлга олинган, чунки полиция меҳмонхона ва ётоқхоналарда оммавий рейдларни бошлаган. Адвокатнинг қўшимча қилишича, муҳожирлар асосан хавфсизлик кучлари ҳаракатларидан норози эканликларини айтишган: улар ноқонуний ҳибслар, совуқда узоқ муддат ушлаб турилгани, ҳаттоки ҳожатхонага киришга рухсат берилмаганидан шикоят қилишган.
Москва яқинидаги Электросталда жойлашган Wildberries бозорининг йирик омборида мигрантларга нисбатан рейдларнинг энг яхши намунаси деб аташ мумкин. Тадбир 27 март куни бўлиб ўтган. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бу ерда доимий равишда беш мингга яқин одам ишлайди ва уларнинг аксарияти Марказий Осиё мамлакатлари вакилларидир. Хуллас, хавфсизлик кучлари барча ишчиларни ҳовлида сафга йиғиб, ҳужжатларини текшира бошлашган. Натижада 38 нафар чет эл фуқароси ҳужжатларини қўшимча текшириш мақсадида қўлга олинган. Омбор эгаларининг қўшимча қилишича, қолган муҳожирлар ишга қайтган, омбор одатдагидек ишламоқда.
Нафақат тожикистонликлар, балки бошқа республикалар фуқаролари ҳам репрессия босими остида қолган. Москва вилоятининг Домодедово шаҳрида ётоқхонада яшовчи 12 нафар Туркманистон фуқароси қўлга олинган. Журналистлар уларнинг барчаси Россия Федерациясида рўйхатдан ўтиш муддати тугаганлигини, шунинг учун энг яхши ҳолатда улар ўз ватанларига депортация қилинишини аниқлаганлар.
Она боласи учун жавобгар
Эслатиб ўтамиз, 23 март куни «Крокус»га ҳужум қилган террорчиларнинг номи маълум қилинган эди. Булар Тожикистон фуқаролари Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзовлардир. Бундан ташқари, улардан иккитаси Россияда ноқонуний яшаган, бу эса мигрантлар устидан назоратни кучайтириш учун қўшимча омил бўлди.
Кўп ўтмай, Москва суди гумонланувчиларни тергов даврида ҳибсга олди. Айни пайтда ишда янги айбланувчилар пайдо бўлди ва улар ҳам Марказий Осиё билан боғлиқ. Гумонланаётган бандитларга машина сотган Исломовлар оиласидан ота ва икки ўғил, шунингдек, жиноятчиларга квартирани ижарага берган Қирғизистон фуқароси Алишер Қосимов тергов изоляторига жўнатилди. Қирғизистон дипломатлари ушбу эпизодга зудлик билан жавоб беришди. Уларнинг аниқлашича, терроризмга ёрдам беришда айбланаётган шахс 2014 йили Россия паспортини олгани муносабати билан республика фуқаролигидан воз кечган. Шундай қилиб, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Қирғизистон ҳукумати ваколатига кирмайди, дея таъкидлаган Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари.
Москва яқинидаги кўнгилочар марказга қилинган ҳужумнинг бевосита айбдорларига қайтсак. Аниқроғи, уларнинг яқинларига. Тожик журналистлари гумонланувчиларнинг шахси ҳақида қайғуриб, нафақат Душанбеда, балки мамлакатнинг бошқа вилоятларида яшовчи қариндошлари билан гаплашишга қарор қилишган. Бироқ, «Азии-Плюс» мухбирларининг ёзишича, 27 март куни улар Ҳисор яқинидаги Шамсидин Фаридуни қишлоғида бўлишган ва унинг уйи бўм-бўш эканини кўришган. Қўшниларининг ОАВ вакилларига айтишича, бир неча кун олдин террорчи деб тахмин қилинган шахснинг қариндошларини «хизмат кийимидаги одамлар» олиб кетишган. Боз устига, улар тожикистонликнинг ота-онасини, амакиваччаларини, хотинини саккиз ойлик боласига қўшибни олиб кетишган. Шамсидиннинг Москвада яшаган синглиси ўз ватанига депортация қилингани ҳақида ҳам маълумотлар бор, бироқ бу факт расман тасдиқланмаган.
Шу билан бирга, тожик нашрлари бошқа гумонланувчилар – Муҳаммадсобир Файзов ва Саидикрам Рачабализода орасида Фаридунилар оиласига ўхшаш ҳолат кузатилаётганини таъкидлашмоқда. Бу ерда, гувоҳларнинг сўзларига кўра, «тушуниб бўлмас формадаги» одамлар террорчилар деб тахмин қилинганларнинг қариндошларини сўроқ қилиш учун олиб кетишган.
Бу маълумотни Россия ахборот агентликлари Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таянган ҳолда тасдиқлайди. Аниқлик киритилишича, Москвадан бир гуруҳ терговчилар Россия Федерациясида ҳибсга олинганларнинг қариндошларини текшириш учун Душанбега учиб кетган.
29 март куни Тожикистонда чет эл хавфсизлик кучлари иштирокида «Крокус»даги теракт ижрочилари билан алоқадорликда гумон қилинган тўққиз киши ҳибсга олингани маълум бўлди. Бошқа маълумотларга кўра, рейд давомида қўлга олинганлар сони 30 нафардан ошган.
Уйдан чиқмай тур, хато қилма
Концерт мажмуасига уюштирилган ҳужумда гумон қилинганлар ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлгач, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон баёнот бериб, террорчиларнинг миллати, ватани ва дини бўлмаслигини таъкидлади.
Кейинроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев минтақадаги қўшниларини ҳимоя қилди. У ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ)даги саҳифасида Тожикистон махсус хизматлари терроризмга қарши тинимсиз курашаётгани, ҳар қандай давлат фуқаролари ёлловчилар таъсирига тушиб қолиши мумкинлигини ёзган. Офицер Россияда кузатилган ксенофобияни қоралайди.
«Террорчиларнинг миллати бўлмайди ва Россия Федерациясида миллий адоватни қўзғатиш ва мигрантларга қарши кайфиятни кўтаришдан манфаатдор террорчи ташкилотлар аъзоларига эргашиб, содир бўлган воқеада бутун бир халқни айблаш ноўриндир», — дея таъкидлайди Ташиев.
Марказий Осиё сиёсатчиларининг нуқтаи назарини Россия президенти Владимир Путин қўллаб-қувватлайди. Унинг таъкидлашича, «ура-патриотлар»нинг «Россия фақат руслар учун» деган баёнотлари уни ташвишга солмоқда. Путиннинг қўшимча қилишича, Россия Федерациясида барча эътиқодлар ҳурмат қилинади ва ҳар қандай миллатга тажовуз қилиш мамлакатнинг қулашига олиб келади.
Бироқ, барча сиёсатчилар ҳам президентнинг, хусусан, миграция қонунчилиги билан боғлиқ масалаларда билдирилган позициясига қўшилаверишмайди. «Крокус»даги фожиа фонида Давлат Думаси депутатлари бир нечта радикал чораларни таклиф қилишди. Жумладан, Михаил Шеремет махсус харбий операция (МҲО) пайтида муҳожирларга Россия паспортларини, шунингдек, уларнинг Россия Федерациясида бўлишини қонунийлаштирувчи бошқа ҳужжатларни тақиқлаш ташаббуси билан чиқди. Депутат ўз ғоясига далил сифатида ҳибсга олинган тожикистонликлардан бири ҳатто рус тилини ҳам билмаслиги ва таржимон ёрдамида сўроқ қилинаётганини эслатди. Шеремет хорижликлар устидан назоратни кучайтириш ва улар чегарадан қайси йўл билан ўтганини кузатишни таклиф қилди.
«Масалан, улар қурувчи сифатида келишади ва кейинчалик фуқароларимиз учун хавфли бўлган бошқа ишларга аралашиб қоладилар», — дея қўшимча қилади Шеремет.
Унинг ҳамкасби, «Справедливая Россия — За правду» партияси раиси Сергей Миронов бу масалага глобал миқёсда ёндашишга қарор қилди. Сиёсатчи Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этишни таклиф қилди.
«Бусиз чегарада тартиб бўлмайди, бу энди миграцияни тартибга солиш ва террорчилик ҳужумларига қарши туриш учун жуда муҳим», — деди Давлат Думаси вакили.
Миронов виза бекор қилинишини ҳечам Россия Федерациясининг қўшниларига нисбатан нодўстона муносабат сифатида қаралмаслиги кераклигини айтди ва у собиқ иттифоқ республикалари расмийларининг тушунишига умид қилишини билдирди.
Ўз навбатида, Марказий Осиё давлатларининг Ташқи ишлар вазирликлари, элчихоналари ва ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича бошқармалари ўз ватандошларига мурожаатлар билан чиқишди. Ҳеч бўлмаганда, шунга ўхшаш баёнотлар Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон томонидан берилгани маълум. Хабарлар мавзусини бир хил деб аташ мумкин: расмийлар ватандошларни гавжум жойларга бормасликка, ҳар доим ўзлари билан шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлишга, полиция билан зиддиятга тушмасликка, телефон хотирасида тақиқланган материалларни сақламасликка чақиришган.
Фақат огоҳлантиришлар урғуси ўзгарган. Тожикистон ҳукумати зарурат бўлмаса, уйдан чиқмасликни тавсия қилган. Ўзбекистон томони одамларни кўчада бегоналар билан мулоқот қилмасликка чақирар экан, ўз ватанига қайтишга шошилинч эҳтиёж йўқлигини таъкидлайди. Қирғизистон Меҳнат вазирлиги радикал исломчилар қурбони бўлиш хавфини туғдирувчи интернетдаги «шубҳали» ёзишмаларга аралашиш хавфидан огоҳлантиради. Вазирликнинг қайд этишича, ишга ёлловчилар кўпинча ижтимоий тармоқлар, Телеграм каналлари ва танишув сайтлари орқали ҳаракат қилишади.
Туркман хавфсизлик кучлари сўздан амалга ўтишган. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, 25 март куни улар Ашхободдан Москвага учаётган ватандошларини хорижга чиқишга рухсат берувчи чипта ва ҳужжатларга эга бўлишига қарамай, шунчаки рейсдан тушириб юборишган. Таъкидланишича, йўловчиларнинг катта қисми Россия Федерациясига пул ишлаш мақсадида йўл олган. Энди улар нафақат кутилган даромаддан маҳрум, балки зарар кўрганлар, чунки уларнинг сўзларига кўра, арзон бўлмаган авиачипталарга кетган пулларни қайтаришлари даргумон.
РФ Бош прокуратураси ўтган йили мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 75 фоизга ошганига доир статистик маълумотларни эълон қилиш орқали Россияда терактдан кейин авж олган ксенофобия оловига мой қўйди. Назорат маҳкамаси «мазкур масалани таҳлил қилишга» ваъда берган.
Ички ишлар вазирлиги, ўз навбатида, 2023 йили полиция миграция қонунчилиги 224 минг марта бузилганини аниқлаганини қўшимча қилади. Ҳисобот даврида ҳукумат 42 минг хорижликни мамлакатдан чиқариб юборган.
Текширувлар ва оммавий ҳибслар кучайтирилганини ҳисобга олсак, бу йил депортация қилинганлар сони сезиларли даражада кўпаяди. Қолаверса, маълумки, хорижга ишлаш учун кетмоқчи бўлган кўплаб одамлар, масалан, тожикистонликлар ўз режаларидан воз кечиб, чипталарини топширишяпти. Бу минтақа республикаларига қандай таҳдид солаётганини тахмин қилиш қийин эмас: ишсизлик ошиши ва иқтисодий таназзул. Бироқ, Россиянинг ҳам мигрантлар оқими тугашидан наф кўриши даргумон. Демак, барча манфаатдор давлатлар расмийлари умумий манфаат ва соғлом фикр устун келиши учун ксенофобия оловини ўчиришга ҳаракат қилишлари лозим.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
14 Октябрь14.10Шунчалар ўзгача ва шунчалар ўхшашЎзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди