Украина полицияси Киевда қозоғистонлик мухолифатчи журналист Айдос Содиқовга суиқасд уюштиришда гумонланган шахсларни қўлга олди. Улар Қозоғистоннинг икки фуқароси — 33 ёшли Мейрам Каратаев ва 36 ёшли Алтай Жаканбаев бўлиб чиқди. Бу ҳақда жабрланувчининг рафиқаси Наталья Содиқова Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2 июнь куни Киевга келган икки эркак ижарага олинган хонадонларда яшашган, «Айдосни кузатишиб, жиноятга ҳозирлик кўришган». Бундан ташқари, Содиқова Мейрам Каратаевни Қўстанай вилояти ИИБ ходими деб атаган. «У ходимлар орасида ўтказилган ўқ отиш бўйича мусобақаларда биринчи ўринни эгаллаган», — деб ёзади у.
21 июнь куни Қозоғистон ИИВ Содиқова баёнотига изоҳ бериб, Мейрам Каратаев 2019 йил январь ойида ички ишлар органларидан бўшатилгани ва ҳозирда полиция ходими эмаслигини таъкидлади.
Айдос Содиқов миллионлаб аудиторияга эга YouTubeдаги «Бәсе» канали муаллифи. 18 июнь куни Киевнинг Шевченковский туманида номаълум шахс уни отиб ташлаган. Суиқасддан сўнг мухолифатчи операция қилинган, шифокорлар унинг аҳволини оғир деб баҳоламоқда. 19 июнь куни президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон суиқасдга оид тергов ишларида ёрдам беришга тайёрлигини айтди.
Содиқов рафиқаси Наталья билан 2014 йилдан бери Украинада истиқомат қилишади, улар қочқин мақомига эга. Ватанида улар ижтимоий, миллий ёки диний адоват қўзғатишда айбланиб қидирувга берилган.