Informburo.kz: МХҚ собиқ раҳбари Карим Масимов Тўқаевдан авф этишини сўради

Карим Масимов. Tengrinews.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) собиқ раҳбари, давлатга хиёнат қилишда айбланган Карим Масимов республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга афв этишини сўраб илтимоснома юборди. Бу ҳақда Informburo.kz хабар берди.

Ҳозирда Карим Масимов Коррупцияга қарши кураш агентлиги қарори асосида Миллий хавфсизлик қўмитасининг Остонадаги тергов изоляторида сақланмоқда. «Ҳақиқатан ҳам, 2024 йил март ойида у ушбу муассасадан Қозоғистон Республикаси Президентига афв этиш тўғрисида илтимоснома юборган», — дея хабар беради МХҚ нашр сўровига жавобан.

Қўмитанинг қўшимча қилишича, Масимовга нисбатан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддаси 3-қисми («Жиноий йўл билан олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларни легаллаштириш»), шунингдек, 366-моддаси 4 қисми («Катта миқдорда пора олиш») билан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Карим Масимов 2022 йил 8 январида, ойнинг илк кунларида мамлакатни қамраб олган тартибсизликлардан сўнг ҳибсга олинган эди. Бундан бир неча кун аввал у 2016 йилнинг сентябридан буён ишлаб келаётган Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан озод этилган. Масимов мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевга яқин инсон ҳисобланган. У турли йилларда Қозоғистон Республикаси Бош вазири, администрация раҳбари ва президент ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.

МХҚ собиқ раиси давлат тўнтаришига уриниш, давлатга хиёнат қилиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари билан айбланган. Ушбу айбловларга кўра, 2023 йил апрель ойида у 18 йиллик қамоқ жазосини олган. Мамлакатнинг собиқ бош хавфсизлик ходимига қарши иш «махфий» тоифага киритилган. Масимовдан ташқари унинг ўринбосарлари ҳам тергов остида бўлган: Ануар Садиқулов 16 йил, Даулет Ергожин 15 йил, Марат Осипов 3 йилга озодликдан маҳрум этилган. Масимовнинг тўртинчи ўринбосари, Нурсултон Назарбоевнинг жияни генерал Самат Абишга нисбатан иш алоҳида кўриб чиқилди. Ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш моддаси бўйича у саккиз йил шартли жазога ҳукм қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ