Қирғизистон МҲО иштирокчиларини элтиб қўйишдан бош тортган таксичига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани боис Россияга нота юборди

Россиядаги Қирғизистон элчихонаси. provizu.ru сайти фотосурати

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси МҲО иштирокчиларини элтиб қўйишдан бош тортган такси ҳайдовчисига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани муносабати билан РФ Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар беради.

Вазирликда айтилишича, қирғизистонлик ўз ватани элчихонасига мурожаат қилган ва у ерда унга консуллик ва юридик ёрдам кўрсатилган. Нотада жиноят ишини холис ва ҳар томонлама кўриб чиқиш тўғрисидаги илтимоснома мавжуд.

«Натижада жиноят таркиби йўқлиги сабабли Қирғизистон фуқаросига нисбатан жиноят иши тўхтатилди», — дейилади вазирлик хабарида.

Бироқ, такси ҳайдовчисининг адвокати Эрланбек Токтосунов Regnum нашрига берган изоҳида ТИВ баёнотини рад этади.

«Бугун мен терговчи билан гаплашдим, у мижозимга оид тавсиф материалларни сўради. Иш бўйича тергов давом этмоқда», — деган Токтосунов 6 июнь куни.

Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жолдошбековнинг тушунтиришича, унга Москвадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан иш тугатилгани ҳақида хабар берилган.

«Фуқаромиз бу вазиятда жабрдийда ҳисобланади. Нима ҳам дердим, фуқаромиз ҳуқуқлари учун курашамиз», — дейди Жолдошбеков.

ℹ️ Воқеа 2 июнга ўтар кечаси содир бўлган. 24 ёшли қирғизистонлик Аипбек Латипов Москва ҳалқа йўли бўйлаб уч эркакни манзилига элтиб қўяётган бўлган. Унинг сўзларига кўра, йўловчилар маст бўлган ва шовқин солишган. Яна 100 километр йўл босиб ўтиш керак бўлган. Йўловчилар тўлов усулини нақд пулга ўзгартирганда, Латипов машинани тўхтатиб, йўловчилардан тушиб, бошқа такси чақиришни сўрайди. Бироқ, йўловчилардан бирининг таъкидлашича, такси ҳайдовчиси 22 март куни Москва яқинидаги «Крокус-сити холл»да юз берган терактни муҳокама қила бошлаганидан кейин уларни элтиб қўйишдан бош тортган. Йўловчилар можаро акс этган видеони ёзиб олишган: улардан бири такси ҳайдовчисини таъқиб қилган.

Москвадаги тергов органлари такси ҳайдовчисига нисбатан РФ Жиноят кодексининг 282-моддаси («Нафрат, адоват уйғотиш ва инсон қадр-қимматини камситиш») бўйича жиноий иш қўзғатган. Ушбу модда бўйича максимал жазо — шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ