Хоккей бўйича Қозоғистон терма жамоаси жаҳон чемпионатининг элита дивизионида ўрнини сақлаб қолди

Қозоғистон терма жамоаси хоккейчилари. orda.kz сайти фотосурати

Хоккей бўйича Қозоғистон терма жамоаси жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг сўнгги турида Польшани 3:1 ҳисобида мағлуб этди ва элитадаги ўрнини сақлаб қолди.

Охирги турга келиб Қозоғистонда 3 очко, Польшада 1 очко бор эди. Шу боис ҳар иккала жамоа учун ҳам бу учрашув ҳаёт мамот ўйини бўлди — мағлуб бўлган биринчи дивизионга тушиб кетди. Бироқ қозоғистонликлар назарий жиҳатдан 4 очкога эга бўлган Франция термаси 7-турда Германияга мағлуб бўлса, қўшимча вақтда мағлуб бўлиши мумкин эди. Бироқ марказий осиёлик хоккейчилар таваккал қилишмади ва асосий вақтда польшаликларни мағлуб этишди.

Биринчи бўлимда рақиблар ўзаро шайба алмашишди: 10-дақиқада польшалик ўйинчи Камиль Валенга учрашувда ҳисобни очган бўлса, орадан уч дақиқа ўтиб Никита Михайлис мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимда рақиблар шайба кирита олишмади, аммо сўнгги йигирма дақиқада қозоғистонликлар ташаббусни қўлга олиб, рақиб дарвозасига иккита шайба киритишди. 51-дақиқада Валерий Орехов, 55-дақиқада Роман Старченко ўзини кўрсатишди.

Шу тариқа, Қозоғистон терма жамоаси гуруҳ босқичи якунига кўра 6 очко жамғариб, В гуруҳида олтинчи ўринни эгаллаб, 1 очко билан Польша ва 4 очко билан Францияни ортда қолдирди, бироқ заҳирада битта ўйини қолди.

Польша терма жамоаси худди А гуруҳида мағлуб бўлган – Британия терма жамоаси каби Биринчи дивизионга тушиб кетди. Уларнинг ўрнини келаси мавсумда А гуруҳи Биринчи дивизионининг энг кучли икки жамоаси – Венгрия ва Словения эгаллайди.

Канада, Чехия, Швейцария, Швеция, АҚШ ва Германия терма жамоалари плей-оффда иштирок этиши кафолатланган эди. Гуруҳ босқичи сўнгги турининг қолган ўйинлари 21 май куни бўлиб ўтади. Уларнинг натижаларига кўра плей-оффнинг сўнгги икки иштирокчиси аниқланади.

10-24 май кунлари Чехияда хоккей бўйича олий дивизионда жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Турнирда 16 та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Турнирнинг плей-офф босқичига тўртта жамоа йўл олади. Россия ва Беларусь терма жамоалари Украина ҳудудида Россия ҳукумати томонидан олиб борилаётган махсус ҳарбий операция туфайли яна жаҳон чемпионатини ўтказиб юборди. Амалдаги жаҳон чемпиони Канада ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ