Хоккей бўйича Қозоғистон терма жамоаси жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди

Қозоғистон терма жамоаси дарвозабони. sputnik.kz сайти фотосурати

Қозоғистон терма жамоаси элит дивизионида жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 5 ва 6-турларида иккита йирик мағлубиятга учради ва турнирнинг плей-офф босқичига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Бешинчи турда Қозоғистон терма жамоаси Германия терма жамоасига 2:8 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, олтинчи турда АҚШ терма жамоаси Марказий Осиё терма жамоаси дарвозасига 10 та шайба киритиб, Қозоғистон учун антирекордни такрорлади. Қозоғистонликлар охирги марта 2010 йили худди шу америкаликларга қарши жаҳон чемпионатида 10 та шайба ўтказиб юборишганди. Ўшанда ҳам учрашув 10:0 ҳисобида АҚШ фойдасига ҳал бўлганди.

6 турдан кейин Қозоғистон терма жамоаси Франция устидан қозонилган ғалаба (3:1) учун 3 очкога эга. 20 май куни бўлиб ўтадиган гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида Қозоғистон 1 очко билан охирги ўринда бораётган Польшага қарши баҳс олиб боради. Ушбу учрашув ғолиби жаҳон чемпионатининг элит дивизионида қолади, мағлуб бўлган эса Биринчи лигага тушади.

Канада, Чехия, Швейцария, Швеция, АҚШ ва Германия терма жамоаларига 2024 йилги жаҳон чемпионати плей-офф босқичига муддатидан олдин кириш кафолатланган эди.

10-24 май кунлари Чехияда хоккей бўйича олий дивизионда жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Турнирда 16 та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Турнирнинг плей-офф босқичига тўртта жамоа йўл олади. Россия ва Беларусь терма жамоалари Украина ҳудудида Россия ҳукумати томонидан олиб борилаётган махсус ҳарбий операция туфайли яна жаҳон чемпионатини ўтказиб юборди. Амалдаги жаҳон чемпиони Канада ҳисобланади.