Қозоғистон ИИВ собиқ раҳбари январдаги тартибсизликлар иши бўйича ҳибсга олинди

Ерлан Турғумбаев. Inbusiness.kz. сайти фотосурати

Қозоғистоннинг собиқ Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев 2022 йил январида содир бўлган оммавий тартибсизликлар бўйича қўлга олинди. Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Турғумбаевга нисбатан оғир оқибатларга олиб келган мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (Қозоғистон Жиноят кодексининг 362-моддаси 4-қисми) айби қўйилмоқда. Бош прокуратура тергов тафсилотларини ошкор қилмаган, фақат ишда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар мавжудлигини билдирган.

Собиқ вазирга нисбатан иш қўзғатилгани март ойи охирида маълум бўлганди. ORDA.kz манбасига кўра, Турғумбаев «Қонли январь» воқеалари бўйича терговнинг «иккинчи тўлқини»га киритилган.

Ерлан Турғумбаев 2019 йил февралидан Ички ишлар вазирлигига раҳбарлик қила бошлаган ва 2022 йилдаги тартибсизликлардан сўнг лавозимидан озод этилган. Шундан сўнг у яна олти ой президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Таъкидлаш жоиз, «Январь иши» бўйича айбланувчилардан бири, Миллий хавфсизлик қўмитасининг 5-департаменти собиқ бошлиғи Руслан Искаков аввалроқ айнан Турғумбаев Олмаотага ҳужум уюштирган 20 мингга яқин жангари ҳақида президентга нотўғри маълумот берганини айтган эди.

Норозилик авжига чиққан пайтда президент Қосим-Жомарт Тўқаев дастлаб халққа қилган мурожаатида, сўнгра Twitterда 20 минг террорчи Олмаотага ҳужум қилгани ва уларни йўқ қилиш зарурлигини эълон қилганди. Кейинчалик бу твит ижтимоий тармоқдан йўқолиб қолди. Тартибсизликлардан деярли олти ой ўтиб, Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум чоғида президентдан шаҳардаги ҳужумчиларнинг ҳақиқий сони ҳақида сўралган. У 20 минг рақами ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ раҳбарияти томонидан берилганини, гап бутун мамлакат ҳақида кетаётганини айтган.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ