Қозоғистон Арманистон-Озарбайжон тинчлик музокаралари платформасига айланади

depositphotos.com сайти фотосурати

Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари Олмаотада учрашади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан 28 апрель куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради Озарбайжон раҳбари матбуот хизмати.

«Давлат раҳбари Қозоғистон томони таклифига биноан Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари яқин орада Олмаотада учрашиб, тинчлик шартномаси бўйича музокараларни давом эттиришини айтди», — дейилади хабарда.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ани Бадалян «Интерфакс»га Озарбайжон томони билан Олмаотада учрашув бўйича келишувга эришилганини тасдиқлаган, лекин учрашув қачон бўлиб ўтишига аниқлик киритмаган.

Айни пайтда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияровнинг таъкидлашича, республика ҳукумати учрашувни ташкил этишда воситачи бўлмайди.

«Биз ҳозир Озарбайжон ва Арманистондаги ҳамкасбларимиз билан алоқадамиз. Бўлажак музокаралар фақат томонлар ўртасида ўтказилади. Қайд этишни истардимки, гап Остонанинг воситачилиги ҳақида кетмаяпти, биз фақат good offices дея аталмиш ҳайрихоҳлик ҳиссамизни қўшяпмиз, холос», — дея Смадияровнинг сўзларини келтиради ТАСС.

Республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 15 апрель куни Ереванга ташрифи чоғида Қозоғистон Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги музокаралар учун платформа тақдим этишга тайёрлигини маълум қилганди.

2017 йилдан бери Қозоғистон Сурия масаласини тартибга солиш бўйича музокаралар платформаси бўлиб келади. Остонадаги биринчи учрашув ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан бўлиб ўтган. Музокаралар ўтказиладиган жойга нисбатан формат «Остона» деб номланган. Россия оммавий ахборот воситалари аввалроқ Қозоғистон бундай учрашувлар учун энг қулай «нейтрал» майдон эканини бир неча бор қайд этган.

2023 йил ёзида Қозоғистон ҳукумати Остона жараёнини тўхтатишини эълон қилганди, бироқ кафил давлатларнинг жамоавий мурожаатидан сўнг ушбу форматдаги музокаралар учун ўз ҳудудини тақдим этганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ