Тўқаев раҳбарларга сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун беш ой муддат берди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон мутасадди раҳбарларига сув тошқинлари тугаганидан кейин уйлар қуриш, товон пули тўлаш ва вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш учун беш ой вақт берилади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди, деб ёзади «Курсив.kz».

«Табиий офатни енгишимизга оз қолди. Сув тошқинлари пасайгач, зарар кўрган ҳудудларни қайта тиклаш ишлари бошланади. Биринчи навбатда фуқароларга етказилган зарар учун товон пули тўланади, уйлар қуриш ва квартиралар ажратиш, вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш ишлари бошланади. Бу улкан ишга қисқа муддат – ёз ва кузнинг беш ойи ажратилди. Аммо ишончим комилки, биз биргаликда бу ишларни амаллаймиз», — деди Тўқаев Қозоғистон халқи ассамблеясидаги чиқишида.

Давлат раҳбари барча жабрланганларга бир марталик тўлов берилишини алоҳида таъкидлади. Зарар баҳолагандан сўнг уларга етказилган зарар ва йўқ бўлган мол-мулклар учун товон пули ҳам тўланади.

«Давлат бузилган уй-жойларни таъмирлайди ва вайрон бўлган уйлар ўрнига янги уй-жойларни қуради», — дея ваъда берди президент.

Унинг фикрича, бўлажак кенг кўламли қурилиш фуқаролар учун янги имкониятлар яратади. Улар иқтисодий салоҳияти ва экологик шароити янада жозибадор бўлган аҳоли пунктларида уй-жой қуриш ёки олиш орқали яшаш жойини ўзгартириши мумкин бўлади.

Март ойининг охиридан бери Қозоғистонда сўнгги 80 йилдан ортиқ вақтдаги энг йирик сув тошқинлари кузатилмоқда. Бир қатор ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Келгусида сув тошқини хавфини камайтириш мақсадида мамлакатнинг 11 та ҳудудида 20 та янги сув омборини қуриш ва мавжуд 15 тасини реконструкция қилиш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ