Атирауда (Қозоғистон ғарбидаги Атирау вилоятининг маъмурий маркази) қирғоқ бўйи дамбаларидан қум қопларини ўғирлаган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради вилоят Фавқулодда вазиятлар тезкор штаби.
Ҳодиса 18 апрель куни кечқурун Урал дарёси қирғоғида содир бўлган.
«42, 32, 37, 38 ёшли эркаклар ва 34 ёшли аёл ўзларининг уйларини ўраб олиш учун машинага қум қопларини ортишган. Уларга нисбатан майда ўғирлик бўйича жиноий иш қўзғатилди», — дейилади хабарда.
16 апрель куни Атирау полиция бўлимига сув тошқини тўғонларини мустаҳкамлаш ишларида қатнашган аҳолидан шикоятлар келиб тушган, деб ёзади Tengrinews.kz. Улар тўғонга илгари қўйилган қум қоплари сони камайиб қолганига ишора қилишган. Шунга ўхшаш шикоятлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Мейрим Эрдаулетнинг «Прикаспийская коммуна» газетасига айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари бундай фактлардан хабардор. Унинг қўшимча қилишича, шаҳарликлар дамбага қўриқчилар қўйишни сўрашган. «Полиция маълумотларига кўра, қопларни яқин атрофдаги уйларнинг аҳолиси қоронғуда ўғирлашади. Ҳатто қирғоқда машина излари қолган», — дейилади мақолада.
«Қазгидромет» РГПнинг Атирау вилояти бўйича гидрологик мониторинги маълумотларига кўра, Атираудаги Урал дарёсининг сув сатҳи кун давомида 399 см.га кўтарилган. Бир кунда сув 3 см.га кўтарилган. Сув тошқини бошланганидан бери сув сатҳининг кўтарилиши 208 см.га етган. Мутахассислар кейинчалик ҳам сув сатҳи қўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирадилар.