Қозоғистон президенти сув босмаган шаҳарлар ҳокимларига ободонлаштириш ишлари бўйича топшириқ берди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сув тошқинидан жабр кўрмаган вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимларига кўчаларни тозалаш, кўчат ўтқазиш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берди, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

Шунингдек, йўлларни тартибга келтириш бўйича топшириқ берилган. Президент бу ишга аҳоли ва кўнгиллиларни мунтазам жалб этиш муҳимлигини таъкидлаган. Президентга кўра, ҳокимлар фаолияти, жумладан, аҳоли пунктлари ва жамоат жойларининг ташқи кўринишига қараб баҳоланади.

Умуман олганда, вилоят раҳбарлари шаҳарларни муносиб ва ​​жозибали тарзда сақлаш маданиятини жорий этишлари керак, дейилади хабарда.

Бугун Тўқаев телефон орқали Ақмола, Ақтўбе, Қўстанай ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари ҳокимларининг ҳисоботларини эшитди. Уларнинг барчаси давлат раҳбарини сел билан боғлиқ вазият назорат остида эканига ишонтиришган.

6 апрель куни Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон халқига тошқин туфайли юзага келган мураккаб вазият муносабати билан мурожаат қилди. У Мудофаа вазирлигига табиий офатга қарши курашиш учун қўшимча ҳарбий қисмларни жалб этиш топширди, жабрланганларга етказилган зарарга мутаносиб равишда товон пули тўланишини таъкидлади.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатнинг тўққиз вилоятида сув тошқини туфайли 29 та маҳаллий фавқулодда ҳолат штаби ишламоқда. Гап Ақтўбе, Қўстанай, Ғарбий Қозоғистон, Улитау, Акмола, Қарағанда, Атирау, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари ҳақида бормоқда. Табиий офат зонасидан 76 мингга яқин одам, шу жумладан 18 мингдан ортиқ болалар қутқарилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ