Душанбедаги «Ориёнбанк» раиси ўринбосарининг ўлимига алоқадор беш нафар шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

krasnoyarskmedia.ru сайти фотосурати

«Ориёнбанк» раиси ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевни ўғирлаш ва ўлдиришда айбланган беш нафар тожикистонлик умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар берди ва ҳукм ҳақидаги маълумот республика Олий судида тасдиқланганига ойдинлик киритди.

Дилшод Саидмуродов (Дилшод СБ), Камаруззамон Азизов, Акбар Аҳмедов, Бахтовар Сафаров ва Шоҳруҳ Хўжаев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Яна 9 нафар айбланувчи бир йилдан саккиз йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бу судланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг турли моддалари, жумладан, жиноят ҳақида хабар бермаслик билан айбланган.

Бундан ташқари, тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ раҳбари бўлган Саидмуродовга нисбатан мулкни мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Аниқлик киритилишича, маҳкумнинг оиласи ҳукмнинг ушбу бандидан норозилик билдирган.

Банкир Исматуллоевнинг ўғирланиши ва ўлдирилиши бўйича ишда жами 18 киши иштирок этган. Улардан 14 нафари судда бўлган. Икки айбланувчи вафот этган: Парвиз Мустафоқулов тергов изоляторида пневмониядан, Рустам Ашуров эса Молдова хавфсизлик кучлари билан отишмада олган жароҳатларидан вафот этган. Эслатиб ўтамиз, Тожикистон фуқароси ушбу давлатдан Туркияга учиб кетмоқчи бўлганида Кишинёв чегарачилари билан можаро юзага келган. Чет эл фуқароси аэропортнинг икки ходимини ўлдирган, шундан сўнг ўзи ҳам ўлимга олиб келувчи жароҳат олган.

Тожикистон Бош прокуратураси аввалроқ хабар берганидек, яна икки гумонланувчи қидирувга берилган. Фируз Мўминов АҚШда ҳибсга олинган, айни пайтда уни ватанига экстрадиция қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ишга алоқадор яна бир шахс — Алишер Бойторовнинг Польшада яширинганлиги ва ҳозирда қидирилаётгани айтилмоқда.

ℹ️ Шуҳрат Исматуллоев 2023 йил 23 июнь куни кечқурун Душанбе шаҳрида ўғирлаб кетилган. Тўрт киши уни мажбуран машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетишган. Ички ишлар вазирлиги, айрим манбаларга кўра, мамлакат президенти Эмомали Раҳмоннинг оила аъзоларига яқин бўлган молиячининг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 30 минг доллар таклиф қилган.

7 июль куни Тожикистон Бош прокуратураси Исматуллоев Дилшод Саидмуродов томонидан тузилган ва камида ўн кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ қурбони бўлганини маълум қилди. Ўғирланган кечада банкир қийноққа солинган, кейин ўлдирилган. Мазкур ҳолат юзасидан беш киши қўлга олинган, уюшган жиноий гуруҳнинг бир неча аъзоси республикани тарк этишга муваффақ бўлган.

15 август куни Бош прокуратура Тожикистон шимоли-ғарбидаги Пенжикент шаҳри яқинида «Ориёнбанк» раҳбари ўринбосарининг жасади топилганини маълум қилганди.

Ноябрь ойида терговчилар жиноят иши материалларини Олий судга топшириш орқали ўз ишларини якунлаганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ