Қозоғистон ТИВ Россия хавфсизлик кучлари билан отишмада икки қозоғистонлик ҳалок бўлганига доир изоҳ берди

Россия ОАВ тарқатган видеодан кадр

Россияда маҳаллий разведка ходимлари билан отишмада икки қозоғистонликнинг ҳалок бўлиши Россия Федерацияси ва Қозоғистон муносабатларига таъсир қилмайди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради InformBURO.kz.

«Йўқ, ҳечам (таъсир қилмайди — тахр.изоҳи)», — дея жавоб берди у мухбирнинг тегишли саволига.

Ўтган дам олиш кунлари Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Россияда теракт тайёрлашда гумон қилинган республиканинг икки фуқароси ўлими юзасидан терговни бошлаган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

«Оммавий ахборот воситаларида Россия хавфсизлик кучлари томонидан РФ ҳудудида теракт уюштиришга уриниш чоғида Қозоғистоннинг икки фуқароси йўқ қилингани ҳақидаги маълумотлар чоп этилди. Улар Қозоғистон фуқароси экани ва Россияга чиқиб кетгани тасдиқланди», — деб таъкидлайди МХҚ ва текширувлар «мавжуд ҳамкорлик каналлари доирасида Россия ФХХ билан яқин алоқада» олиб борилаётганига ишора қилди.

7 март куни РФ Федарал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Россияда тақиқланган «Вилоят Хуросон»* (ИШИДнинг афғон «бўлими») террорчилик ташкилоти фош этилгани, унинг аъзолари Москвадаги синагогага ҳужум уюштирмоқчи бўлганини маълум қилди. ФХХ маълумотларига кўра, жангарилар ўқотар қуроллар ёрдамида синагога ташрифчиларига ҳужум қилишга ҳозирлик кўраётган бўлган. Ҳибсга олиш чоғида улар қаршилик кўрсатишган ва жавоб зарбалари натижасида ҳалок бўлишган, деб хабар берди разведка хизмати.

Гумонланувчилар яшаш жойида ўтказилган тинтув чоғида ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, қўлбола портловчи қурилма тайёрлаш учун бутловчи қисмлар мусодара қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан РФ Жиноят кодексининг 205-моддаси модданинг 1-қисми, 30-модда, 2-қисми (террористик ҳужумга тайёргарлик кўриш) билан жиноят иши қўзғатилган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ