«КазМунайГаз» АЖ (Қозоғистон миллий нефть-газ компанияси) SOCARни (Озарбайжон давлат нефть компанияси) Қозоғистонда геология-қидирув ишлари билан боғлиқ лойиҳаларни кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда «КазМунайГаз» бошқаруви раиси Мағзум Мирзагалиев Trend нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон томони SOCAR билан муносабатлар фақат транспорт масалалари билан чекланиб қолмаслигини ва «иложи борича ҳамкорликнинг бутун йўналиши ёки палитрасини» қамраб олишни истайди. «Шундай қилиб, биз ҳозирда нефть ва ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантириш имкониятларини ўрганаяпмиз. Бундан ташқари, биз SOCARни Қозоғистондаги геологик қидирув ишлари билан боғлиқ лойиҳаларни кўриб чиқишни таклиф қилдик», — деди Мирзагалиев Бокуга ташрифи чоғида.
Нефтни ташишга келсак, томонлар Боку-Тбилиси-Жейҳан нефть қувури орқали Қозоғистон хомашёси транзити ҳажмини босқичма-босқич ошириш, шунингдек, Қозоғистон нефтини Боку-Супса йўналиши бўйича ташиш масалаларини муҳокама қилди.
Амалдаги келишувга кўра, ўтган йилдан бери Қозоғистон ўз нефтини Ақтау-Боку-Жейҳан йўналиши бўйлаб ташимоқда. 2023 йил охирида Ақтаудан 1057 минг тонна нефть жўнатилган (у Каспий денгизи бўйлаб танкерларда Бокуга ташилади), 2024 йил январ-февралда — 232 минг тонна.
Ўтган дам олиш кунлари «КазМунайГаз» раҳбари озарбайжонлик ҳамкасби, SOCAR раҳбари Ровшан Нажаф билан учрашди. Музокаралар Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг 11 март, душанба куни бошланган Озарбайжонга давлат ташрифи олдидан бўлиб ўтди. Ташриф доирасида давлат раҳбари Президент Илҳом Алиев билан музокаралар ўтказиши ҳамда Қозоғистон-Озарбайжон Олий давлатлараро кенгашининг биринчи мажлисида иштирок этиши кутилмоқда, деб хабар беради Оқўрда.