Қозоғистонлик миллиардер Булат Утемуратовнинг жияни фирибгарлик иши бўйича қамалди

freepik.com сайти фотосурати

Остона суди жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати қозоғистонлик тадбиркор Булат Утемуратовнинг жияни Данияр Утемуратовга нисбатан фирибгарлик иши бўйича беш йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади, деб ёзади «Курсив.kz».

Суд ҳукмига кўра, судланувчи МХҚнинг собиқ ходимини алдаб, ундан 50 минг АҚШ доллари олган ва қарзни қайтаришдан бош тортган. Жабрланувчи бўлмиш Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ ходимининг ўзи 2019 йили фирибгарлик ва порахўрлик бўйича судланган. Донияр Утемуратов 2021 йили унга президент администрацияси ва Олий судда юқори лавозимли амалдорлардан танишлари борлиги ва уни ишга қайта тикланиши учун оқлов ҳукми чиқаришга ёрдам беришини айтган. У ўз хизматлари учун 50 минг доллар сўраган ва пулни олгач, алоқани узган.

Судда у юқори мартабали одамлар билан алоқаси борлиги ҳақида ёлғон гапирганини тан олган, чунки унга Қизилўрдада соғломлаштириш мажмуасини қуриш учун маблағ керак бўлган. У олган пулларини қайтариб беролмаган, чунки «инқирозга» учраган.

Суд жараёнида Дониёр Утемуратов ўз айбини тан олмаган, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаган ва 2 февраль куни у беш йилга озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилган. Бироқ прокурор ҳукмга рози бўлмаган ва апелляция аризаси киритган. Натижада 5 март куни аввалги ҳукм бекор қилиниб, Утемуратовга ҳақиқий жазо тайинланган. У ўртача хавфсиз тизим муассасида жазони ўтайди.

Мақолада таъкидланишича, маҳкумнинг амакиси Булат Утемуратов 2023 йил май ойида «Қозоғистоннинг энг бой 50 нафар тадбиркори» рейтингига киритилган. У рўйхатда олтинчи ўринни эгаллаган. Forbes Kazakhstan журнали Булат Утемуратов бойлигини 2,7 миллиард долларга баҳолаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ