Қозоғистон Энергетика вазирлиги: Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми тўрт бараварга ошади

tafsilar.info сайтидан коллаж

2026 йилдан бошлаб Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит ҳажми йилига 3 миллиарддан 11 миллиард куб метргача ошади. Бу ҳақда 5 март куни Қозоғистон Энергетика вазирлиги йиғилишида маълум қилинди, дея хабар беради ТАСС.

«Коммерсанта»нинг ёзишича, 2023 йили Россия газининг Ўзбекистонга етказиб бериш нархи минг куб метр учун тахминан 160 долларни ташкил қилган. Бу Туркия ёки Хитойга сотилаётган газ нархидан анча паст, бироқ бу суммадан «Газпром» 20-22 доллардан фойда олади, дея таъкидлайди Энергетика ва молия институти нашридаги манба.

ℹ️ 2023 йил июнь ойида «Газпром» Ўзбекистон билан йилига 2,8 миллиард куб метр – кунига 9 миллион кубометр газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзолаганди. Қозоғистон орқали Ўзбекистонга Россия гази импорти 7 октабрдан бошланган. Декабр ойида Тошкент илтимосига биноан «Газпром» газ етказиб беришни икки бараварга оширди.

Газ «Марказий Осиё – Марказ» қувури орқали етказиб берилади. Етказиб бериш ҳажмини ошириш ва минтақанинг бошқа мамлакатларига транзитни ташкил қилиш учун «Газпром» ушбу газ қувурлари тизимини кенгайтиради. Ўзбекистон 2030 йилгача газ ташиш тизимини модернизация қилишга 470 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда.

ℹ️ Сўнгги йилларда Ўзбекистон ички бозорда талаб ортиб бораётганлиги сабабли хорижда табиий газ сотишни жиддий қисқартирди. 2020 йили Россияга экспорт бутунлай тўхтатилди ва Хитойга етказиб бериш ҳажми уч баробарга қисқарди. 2023 йили Ўзбекистон Хитойга 563,54 миллион долларга газ экспорт қилган, бу 2022 йилдаги ҳажмнинг деярли ярмини — 1,07 миллиард долларни ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ