Қозоғистон Хитойга янги темир йўл қурилишини бошлади

primeminister.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Хитойга янги темир йўл қуришни бошлади, бу мамлакатлар ўртасидаги юк айланмасини 20 миллион тоннага оширади. Бу ҳақда республика ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

«Абай вилоятида узунлиги 272 километр бўлган Бахти – Аяғоз янги темир йўл линияси қурилиши бошланди. Телеконференция орқали Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ушбу ишга старт берди. Лойиҳа давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Қозоғистон транспорт-транзит салоҳиятини ошириш тўғрисидаги топшириғини бажариш доирасида амалга оширилмоқда. Янги линия қурилиши давомида Хитой билан учинчи Бахти-Чугучак чегара пункти очилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Расмийлар янги линия Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги юк айланмасини ҳозирги 28 миллион тоннадан қарийб 48 миллион тоннагача ошириш, жанубий назорат-ўтказиш пунктларидаги тирбандликни бартараф этиш ва қўшимча транзит ҳажмини жалб қилишини кутмоқда.

Икки изли темир йўл 2027 йили фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Лойиҳа инвестор иштирокида (қайси бири кўрсатилмаган) давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга оширилмоқда. Қурилиш жараёнида 11 та станция, 47 та кўприк, 23 та темир йўл ва 8 та автомобиль йўл ўтказгичлари, 5 та пиёдалар кўприги, 16 та кузатув иншооти қурилади. Бунинг учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 500 мингдан ортиқ шпал ва 36 тонна рельс харид қилиш режалаштирилган.

Смаиловнинг таъкидлашича, 2022 йили Қозоғистон темир йўллари мустақилликнинг 30 йилида энг кўп юк ташилган, бу 245 миллиард тонна/км ни ташкил қилган. Шу билан бирга, геосиёсий вазият ва инфратузилма чекловларига қарамай, бу йил ҳам юқори кўрсаткичлар давом этмоқда. «Охирги беш йилда транзит контейнер ташиш ҳажми 3,2 баробарга ошган. Мавжуд транзит йўлаклари кенгайтирилиб, янгилари очилмоқда. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, «Шимол-жануб» ва «Жанубий» йўлаклари алоҳида аҳамият касб этди», — деди Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.

Имкониятлар ва инфратузилма ўзининг энг юқори чўққисига чиққани сабабли Қозоғистон ҳукумати темир йўл соҳасида бир қанча лойиҳаларни амалга оширишга қарор қилди. Шундай қилиб, ўтган йил ноябрь ойида «Дўстлик-Мўйинти» участкасида иккинчи йўл қурилиши бошланган бўлса, жорий йили Олмаота шаҳрини айланиб ўтувчи ва «Дарбоза-Мақтаарал» темир йўл линияларини қуриш ишлари бошланди.

Жами уч йил ичида республикада 1,3 минг километрдан ортиқ темир йўл қурилиши режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ