Қозоғистон Европага товарларни Туркманистон ва Эрон орқали етказиб беради

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон Европага юк ташишнинг муқобил йўлини топди. Бу ҳақда Транспорт вазири ўринбосари Сатжан Аблалиев маълум қилди, дея хабар беради ҳукумат матбуот хизмати.

Мулозимнинг сўзларига кўра, Қозоғистон раҳбарияти Туркманистон ва Эрон билан «Европага юкларни етказиб беришда маҳаллий ташувчиларнинг жанубий йўналишдан фойдаланганида эркин транзитни таъминлаш борасида» музокаралар олиб борган.

Ушбу чора мажбурий бўлиб, бугунги кунда Беларусь ва Европа давлатлари ўртасида жойлашган 13 назорат пунктидан саккизтаси ёпиқ. «Россия ва Финляндия ўртасидаги барча назорат-ўтказиш пунктлари ҳам ёпиқ – бу саккизта бирлик, дегани. Беларусь томони маълумотларига кўра, Европа назорат пунктлари норматив қувватнинг 40 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда ишламоқда. Шундай вазият туфайли Қозоғистон автомобилларининг Беларусь-Литва ва Латвия чегараларида тўхтаб қолиш вақти узайиб бормоқда», — дейди Аблалиев.

Унинг аниқлик киритишича, янги йўналишда юк ставкаси кўтарилиб, юкларни етказиб бериш муддати ошади.

«Аммо, шунга қарамай, бу йўналиш санкцияланган товарларни ташиш учун, шунингдек Россия ва Беларусь билан чегарадош Европа давлатларининг барча назорат-ўтказиш пунктлари ёпилган бир пайтда муқобил йўлдир»,дея таъкидлади у.

Умуман олганда, Аблалиевнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Европа давлатлари билан экспорт ва импорт юкларини ташишда ижобий тенденция кузатилмоқда.

«Ўтган йили Қозоғистон ташувчиларининг ушбу бозордаги улуши 13 фоизга ошиб, 48 фоизни ташкил этди. Пул кўринишида бу мамлакат иқтисодиётига тахминан 80 миллиард тенге (174 миллион доллар) қўшимча даромаддир», — дея хулоса қилади у.

Бир кун аввал Беларусь Давлат чегара қўмитаси мамлакатдан Европа Иттифоқига аъзо давлатларга бориш учун навбатда 3 мингдан ортиқ юк машинаси турганини хабар қилган эди.

BES.mediaга кўра, Беларусь-Литва ва Латвия чегараларида (ўтказиш пунктларига қараб) 800 дан 1500 тагача Қозоғистон юк автомобиллари йиғилиб қолган, бу рақам ҳар куни ўзгариб турибди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ