Туркияда яшаш рухсатномасига эга Туркманистон фуқаролари сони 120 минг кишидан ошди

Туркияда бериладиган яшаш рухсатномаси. travelask.ru сайти фотосурати

Туркияда яшаш рухсатномасини олган Туркманистон фуқаролари сони 121 990 кишига етди. Бу ҳақда Туркия миграция хизмати ҳисоботида сўз юритилган.

Туркманлар Туркияда яшаш рухсатномасига эга хорижликлар орасида етакчи ўринда. Ўтган йили ҳам Туркманистон фуқаролари биринчи ўринда бўлган – 109 минг 530 киши. Бинобарин, ўтган йил давомида 12 мингдан ортиқ туркман фуқароси яшаш рухсатномасини олган. Ва бу 2022 йил сентябрь ойида Туркия Туркманистон расмийлари илтимосига кўра туркманларга нисбатан виза режимини жорий қилганига қарамай. Ашхободдаги виза маркази, turkmen.news манбаларига кўра, туристик виза сўровларининг атиги 20 фоизини маъқуллаган.

Туркияда яшаш рухсатномасига эга хорижликлар орасида иккинчи ўринни Озарбайжон фуқаролари (85 331 киши), учинчи ўринни россияликлар (81 413 киши) эгаллаган. Кучли бешликни Эрон (76 416) ва Сурия (73 063) фуқаролари якунлайди. Жами 1,084 минг киши Туркияда яшаш рухсатномасига эга.

Туркманистон фуқаролари орасида талабалик рухсатномасига эга бўлган фуқаролар кўп – 28 725 киши. Бу рақамни Туркиядаги Чет элдаги турклар ва қардош жамиятлар бошқаруви (YTB) раиси Абдуллоҳ Эрен ҳам тасдиқлайди. Унинг қайд этишича, YTB Туркманистон расмийлари билан суҳбат орқали талабалар сонини кўпайтириш бўйича иш олиб бормоқда. Туркия стипендиялари дастури доирасида ҳозирданоқ 100 нафар туркман талабаси Туркияда таълим олмоқда, бу йил яна камида 100 нафар талабага стипендия берилиши режалаштирилган. Эрен, 1992 йилдан бери Туркия Туркманистондан 3000 дан ортиқ талабага стипендия берганини эслатади.

Қисқа муддатли яшаш рухсатномалари бўйича Туркманистон Ироқ ва Суриядан кейин учинчи ўринда (49 910 киши). Мамлакатда оилавий яшаш рухсатномасига эга 10 472 туркман бор. Улар Россия, Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларидан сўнг тўртинчи ўринни эгаллаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ