Тошкентда 28 сентябрга ўтар кечаси содир бўлган портлашда 163 киши жабрланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Жабрланганларнинг 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилоятидаги филиали, Тошкент шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси, Республика ва шаҳар клиник шифохоналари, шунингдек, 1-сонли туғруқхонага ётқизилган. Улар орасида оғир жароҳатланганлар йўқ. Қолган жабрланганларга амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2006 йилда туғилган ўсмирнинг ўлимини тасдиқлади: у ҳаёт белгиларисиз касалхонага олиб келинган.
«Тиббиёт муассасаларида тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур дори воситалари фонди яратилган», – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Айни вақтда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида юз берган фавқулодда ҳодисани ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссияга Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қилади.
ℹ️ Портлаш «Интер логистикс» компаниясининг омборида юз берган. Воқеа ҳақида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига 02:43 (Москва вақти билан 00:43) да хабар қилинган. Воқеа жойига 16 нафар ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб келган, ёнғин эрталаб соат 5 га келиб ўчирилган. Портлашдан кейин ёнғинни ўчириш ва оқибатларини бартараф этиш учун Мудофаа вазирлиги вертолёти ва Миллий гвардия ходимлари жалб қилинган. Тошкент ҳокимияти жабрланганларга етказилган моддий зарарни аниқлаш ва босқичма-босқич қоплаш ишларини бошлаган. Мулкига зарар етган фуқароларнинг мурожаатлари 1205 қисқа рақами орқали қабул қилинади.