Хитой дунёда биринчи бўлиб толиблар даврида Афғонистонга янги элчи тайинлади

Хитойнинг Афғонистондаги янги элчиси Чжао Шэн толиблар Бош вазири Муҳаммад Ҳасан Охунд билан саломлашмоқда. aljazeera.com сайти фотосурати

Хитой «Толибон»* ҳаракати ҳокимият тепасига келганидан сўнг Афғонистонга расман янги элчи тайинлаган биринчи давлат бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар беради.

Хитойнинг янги элчиси Чжао Шэн 13 сентябрь куни Кобулда бўлиб ўтган маросимда толиблар ҳукумати раҳбари Муҳаммад Ҳасан Охундга ишонч ёрлиғини топширди.

Хитойнинг Афғонистондаги аввалги элчиси Ван Ю бу лавозимда 2019 йилдан 2023 йилнинг августигача ишлаган.

2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» ҳозирча ҳеч бир хорижий ҳукумат томонидан расман тан олинмаган. Хитой расмийлари Чжао Шэннинг ушбу лавозимга тайинланиши толиблар ҳукуматини расман тан олишга тайёрлик белгиси эканлигига аниқлик киритмаган.

«Бу Хитойнинг Афғонистондаги элчисига доир мунтазам ротацияси бўлиб, Хитой ва Афғонистон ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган. Хитойнинг Афғонистонга нисбатан сиёсати аниқ ва давомийдир», — дея таъкидлайди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги.

Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттаки Чжао Шэннинг тайинланишини «инобатга лойиқ муҳим қадам» деб атади.

Шу куни Афғонистондаги Хитой элчихонаси сайтида Хитой ҳукуматининг толиблар билан боғлиқ халқаро ҳамжамиятга чақириқларидан иборат баёноти эълон қилинди:

👉 Афғонистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш,

👉Afghan-led, Afghan-owned («афғонлар етакчилигида, афғонларнинг ўзлари иштирокида») тамойилига амал қилиш ва шу асосда Афғонистон билан ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотни давом эттириш;

👉 Афғонистонга инсонпарварлик ва тараққиёт учун ёрдам кўрсатишни давом эттириш;

👉 мамлакатнинг мустақил ва барқарор ривожланиш қобилиятини ошириш мақсадида минтақадаги иқтисодий интеграцияни қўллаб-қувватлаш;

👉 Афғонистоннинг инклюзив сиёсий тузилма яратиш, мўътадил сиёсат юритиш, терроризмга қарши курашиш ва дўстона ташқи алоқаларни ривожлантиришга бўлган ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш.

«Айрим давлатлар Афғонистонда содир бўлган воқеалардан сабоқ олишлари, терроризмга қарши курашда икки томонлама стандартлардан воз кечишлари, Афғонистоннинг хорижий активларини сўзсиз қайтаришлари, Афғонистонга нисбатан бир томонлама санкцияларни бекор қилишлари, Афғонистонни қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича мажбуриятларни бажариш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўришлари керак», — дейилади ХХР баёнотида.

ℹ️ Илгари «Толибон» ҳукумати аъзолари халқаро ҳамжамият билан мулоқот қилишга тайёр эканликларини бир неча бор таъкидлаб келишган. Жорий йилнинг март ойида Амир Хон Муттаки мамлакат расмийлари Кобулдаги айрим давлатларнинг элчихоналари фаолиятини тезда қайта тиклашга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар берганди. Унинг таъкидлашича, элчихоналарнинг очилиши Афғонистон Ислом Амирлигининг тан олинишини акс эттиради ва айрим давлатлар аллақачон Афғонистон муваққат ҳукуматини норасмий равишда тан олган.

«Ҳозирда Кобулда Хитой, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Покистон каби қўшни давлатларнинг элчихоналари фаолият юритяпти. Бу ерда Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия элчихоналари очилган. Ҳиндистон, Туркия, Қатар ва БАА элчихоналари ҳам очиқ, Саудия Арабистони элчихонаси очиқ ва унинг дипломатлари тез орада қайтишлари мумкин», — деди Муттаки.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ