Credit Suisse банкига Марказий Осиёнинг тўртта давлатидан янги мижозларни жалб қилиш тақиқланди

Credit Suisse ва UBS логотиплари. mavink.com сайти фотосурати

Швейцариянинг UBS банки ўзининг сотиб олган Credit Suisse банки ходимларига «хавф даражаси юқори» бўлган мамлакатлардан янги мижозларни жалб қилишни тақиқлади. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

«Тақиқланган» давлатлар рўйхатига Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Беларусь, Молдова ва бошқа қатор давлатлар киритилган.

Қарор пул ювиш, порахўрлик ва коррупция хавфидан қочиш мақсадида қабул қилинган. Credit Suisse ходимлари учун 11 та молиявий ва 12 та номолиявий риск турларини ўз ичига олган «қизил чизиқлар» шакллантирилган.

Жумладан, улар UBS менежерларининг розилигисиз янги маҳсулотларни чиқара олмайди. Шунингдек, улар UBSдан мамлакат ташқарисидаги ва хорижий мулкдаги қарз олувчиларга кредит бериш учун рухсат сўрашлари керак бўлади. Банкка илгари 120 миллион доллар йўқотган бир қатор молиявий маҳсулотлар, жумладан, айрим миқдорий индекслар бўйича опционлар ва корейс деривативлари билан савдо қилиш тақиқланади.

Бундан ташқари, Credit Suisse ходимлари яхталар, кемалар ва 60 миллион доллардан ортиқ кўчмас мулк каби активлар билан гаровга олинган кредитлар бериш учун UBS раҳбариятидан рухсат олишлари керак бўлади. Банк аввали миллиардерларга ҳашаматли товарларни сотиб олиш учун кредитлар берган, 2022 йили эса тўсиқ фондлар ва бошқа инвесторлардан ўта бой одамларнинг санкцияларга учраган яхталари ва шахсий самолётларига тегишли ҳужжатларни йўқ қилишларини сўраган.

Ўтган йили «Credit Suisse сирлари» текшируви натижалари эълон қилинди, унга кўра Марказий Осиёлик ўн нафар мижоз ушбу банкдаги энг муаммоли ҳисоб эгалари қаторида экани маълум бўлган. Улардан тўрт нафари Ўзбекистон, учтаси Қозоғистон, иккитаси Қирғизистон ва бир нафари Тожикистон вакиллари бўлган.

«Credit Suisse сирлари» — дунёдаги энг йирик ва энг бой банклардан бири ҳақида халқаро текширувдир. У бир неча йил аввал Германиянинг Süddeutsche Zeitung газетасига аноним манба умумий қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ бўлган 18 000 дан ортиқ аккаунтлар ҳақида берган маълумотларга асосланади. Ҳисоб эгалари орасида жисмоний ва юридик шахслар бўлган. Текширув ишларида 39 давлатдаги 48 нашрдан 163 нафар журналист ишлаган. Сизиб чиққан маълумотлар ҳозирги кунни қамраб ололмайди, кўплаб ҳисоб варақалари аллақачон ёпилган.

ℹ️ Швейцариядаги энг қадимги икки банк — UBS ва молиявий муаммога дуч келган Credit Suisse бирлашиши ҳақида шу йилнинг март ойида хабар берилган эди. Мамлакат президенти Ален Берсетнинг сўзларига кўра, Федерал кенгаш (ҳукумат) келишувни олқишлаган. «UBS томонидан Credit Suisseни сотиб олиш нафақат Швейцария, балки халқаро молия маркази учун ҳам ишончни тиклаш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эгадир»,— деган Берсе.

Ҳар икки молия институтига 50 миллиард франк (54 миллиард доллар) кредитга қўшимча равишда 100 миллиард Швейцария франки (108 миллиард доллар) ликвидлик кафолати тақдим этилади.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди