ЕХҲТ Бош котиби Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга ташриф буюради

Хелга Мария Шмид ва Яздурсун Гурбанназарова. ЕХҲТ раҳбарининг Twitterдаги фотосурати

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Хелга Мария Шмид (Helga Maria Schmid) Марказий Осиё давлатларига сафарини бошлади. 31 майдан 8 июнга қадар у Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда бўлади, деб хабар бермоқда ЕХҲТ матбуот хизмати.

«30 йилдан ортиқ вақт давомида Марказий Осиёнинг бешта давлати ЕХҲТда муҳим рол ўйнаб келмоқда. Ўтган йили Тожикистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрганимдан сўнг, яқин кунларда Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги учрашувларни интиқлик билан кутаман», — деб ёзган Шмид 31 май куни Twitterдаги саҳифасида.

Ташриф доирасида юқори мартабали ҳукумат вакиллари, депутатлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказилади.

Жумладан, Ашхободда Хелга Шмид Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Вепа Хаджиев билан учрашди ва у билан ЕХҲТ марказининг янги офисининг очилишида иштирок этди. Сўнгра ЕХҲТ раҳбари Омбудсман Яздурсун Гурбанназарова билан суҳбатлашди, суҳбатнинг асосий мавзулари ижтимоий ҳимоя, аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш масалалари бўлди.

Ташриф дастуридан Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Халқ Маслаҳати (Халқ кенгаши) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Мажлис (парламент) раиси Дунягозел Гулманова билан учрашувлар ўрин олган.

Қирғизистонда ЕХҲТ Бош котиби президент Садир Жапаров, Бош вазир Оқилбек Жапаров, Ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев ва бошқалар билан музокаралар ўтказади. Шмид ЕХҲТнинг Бишкекдаги академиясига ташриф буюриб, унинг ходимлари ва талабалари билан мулоқот қилади.

Қозоғистонда ЕХҲТ раҳбарини мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабул қилади. Шмид, шунингдек Сенат спикери Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Бош вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, ЕХҲТ маҳаллий миссиялари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ