Қозоғистонда 2021 йили ўқ-дорилар омборидаги портлашлардан кўрилган зарар миқдорини ҳисоблаб чиқишди

diapazon.kz сайти фотосурати

2021 йили Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги ўқ-дорилар омборида рўй берган портлаш натижасида ўнлаб одамлар уй-жой ва иш жойларидан айрилган, етказилган зарар 26 миллиард тенгени (58,1 миллион доллар) ташкил этган, деб хабар беради КТК телеканали.

Журналистларнинг таъкидлашича, портлашдан зарар кўрган барча объектлар «тикланганига анча бўлган», аммо расмийлар етказилган зарар миқдорини энди эълон қилган.

Чимкент гарнизони ҳарбий суди 18 нафар ҳарбий хизматчи ва ўт ўчирувчиларнинг ҳаётига зомин бўлган ўқ-дорилар омборларида юз берган воқеа юзасидан ишни кўришда давом этмоқда. 100 дан ортиқ гувоҳ ва жабрланувчилар сўроқ қилинган — бу жараён иштирокчилари умумий сонининг учдан бир қисмини ташкил этади. Иш 800 жилддан иборат.

Айбланувчилар 20 ёшли икки аскар бўлиб, терговчиларнинг сўзларига кўра, улар омборлардан бирига ёнаётган латтани ташлашган, бу эса қатор портлашларга сабаб бўлган ёнғинни келтириб чиқарган.

Мазкур иш бўйича тўрт нафар зобит ҳам айбланувчи бўлиб, улар бепарволик ва қурол билан муомала қилиш қоидаларини бузганликда айбланмоқда.

Қайд этилишича, судланувчиларнинг ҳеч бири ўз айбига иқрор бўлмаган.

«Ушбу жиноий иш бўйича 28349-ҳарбий қисмда содир бўлган портлаш пайтида бевосита соғлиғига етказилган ўртача ва оғир шикастдан ҳалок бўлган 18 нафар инсон ва 83 нафар жабрланувчи иши кўрилмоқда. <...> Шу кунларда биз айблов учун гувоҳларни сўроқ қилишни якунлаймиз. Кейин эса ҳимоя томонидан тақдим этилган гувоҳларни сўроқ қилишга ўтамиз», — дейди судя Бурлибай Қайипов жараённинг боришини изоҳлар экан.

26 август куни кечқурун Жамбил вилоятининг Байзак туманидаги ҳарбийлар омбори яқинида ёнғин бошланган. Ортидан бир нечта портлашлар содир бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўқ-дорилар омборида 500 тоннага яқин тротил сақланган. Ўқ-дори парчаларининг тарқалиш радиуси икки километргача бўлган. Яқин атрофдаги қишлоқларнинг 1200 га яқин аҳолиси эвакуация қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлаб, ҳодиса оқибатида 14 киши ҳалок бўлгани, яна бир неча киши бедарак йўқолгани маълум қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ