Оиласига яқинроқ жойда қолдиришларига оид илтимосига қарамай, руҳоний Яков Воронцовни Таразга кўчиришди

Иаков Воронцов. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Россия православ черковининг собиқ руҳонийси Яков Воронцов Қозоғистонда гиёҳванд моддаларни сақлаш иши бўйича судланганидан сўнг Тараз шаҳрига олиб кетилди. Бу ҳақда унинг дўсти Геният Исин ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Ҳозирда Яков ота 13-сонли тергов ҳибсхонасида, шунингдек, 67-сонли муассаса номи билан ҳам танилган ҳибсхонада сақланмоқда.

«Уни оиласига яқинроқ жойда қолдириш ҳақидаги барча илтимосларга қарамай, Таразга жўнатишди. Бироқ, бу Яковга нисбатан одил судловнинг ўзига хос услубига айланиб қолган: деярли барча илтимос ва мурожаатлар мутлақо эътиборсиз қолдирилади. Гўёки инсонга оддий инсоний муносабат кўрсатишнинг ўзи йўл қўйиб бўлмайдиган ён беришдек ҳисобланади», — деб ёзади Исин.

Унинг сўзларига кўра, Воронцовнинг соғлиғи алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Уни атрофик яра ҳали ҳам безовта қилмоқда. Яков отанинг тарафдорлари янги жойда унга зарур тиббий назорат ва даволаниш имконияти яратилишига умид қилмоқда.

Асли исми Владимир бўлган Воронцов Россия православ черковининг Остона ва Олмаота епархиясида иеромонах бўлиб хизмат қилган. У Россиянинг Украинага бостириб киришини ва Москва патриархати раҳбарияти сиёсатини очиқ қоралаганидан сўнг танилган. Шунингдек, у Қозоғистонда Москва патриархатига бўйсунмайдиган мустақил православ жамоасини рўйхатдан ўтказишга уринган. Ўз қарашлари туфайли Воронцов руҳонийлик унвонидан маҳрум этилган ва Қозоғистонда таъқибга учраган.

Октябрь ойи бошида у гиёҳванд моддаларни сақлаш иши бўйича олти йилга озодликдан маҳрум этилган эди. «Фарғона» ёзганидек, гап тинтув вақтида ундан топилган 2,44 грамм меткатинон аналоги ҳақида бормоқда. Янги Конституция қабул қилиниши муносабати билан эълон қилинган амнистияни ҳисобга олган ҳолда, жазо муддати тўрт йилга қисқартирилди.

Воронцов тергов ҳибсхонасидан четга хат чиқариб, унда ўзи содир этмаган иш учун «риёкорона тавба қилишни» таклиф этишганини маълум қилган. «Шунда шартли жазо беришарди. Аммо мен бу гуноҳни ўз зиммамга олмадим», — деб ёзган Воронцов.

Руҳонийнинг адвокатлари ҳукм устидан апелляция шикоятини аллақачон берган. Шикоят қачон кўриб чиқилиши ҳозирча номаълум.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ