Қозоғистон ҳукумати коррупционерлар пулларини мактаблар қурилишига йўналтиришга қарор қилди

newsroom.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда порахўр амалдорлардан тортиб олинган пуллар мактаблар қуришга сарфланади. Биргина жорий йилнинг ўзида 70 дан ортиқ таълим муассасаси шу тарзда қурилади, деб хабар беради Zakon.kz республика Таълим вазири Ғани Бейсембаевга таяниб.

Вазирнинг сўзларига кўра, лойиҳа мамлакатнинг «деярли барча ҳудудларини» қамраб олиши режалаштирилган.

«Бунинг учун ҳужжатлар аллақачон тайёр, бизда улар рўйхатда бор. Яқин кунларда бу рўйхат қўллаб-қувватланади ва бу мактаблар қурилиши учун маблағ ажратила бошланади. Янги мактаблар ҳам, қурилиши тугалланадиган мактаблар ҳам бор», — деди вазир.

2023 йил январида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматга коррупцияга доир жиноий ишлар туфайли қўлга киритилган барча пулларни Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказишни топширган эди.

Йил бошида жамғарманинг махсус ҳисобварағида қарийб 120 миллиард тенге (276 миллион доллардан ортиқ) пул тўпланган.

2022/23 ўқув йили олдидан Қозоғистонда 7637 та мактаб борлиги, уларда 360 минг ўқитувчи ишлаши маълум қилинганди. Мамлакатда 3,6 миллион ўқувчи бўлиб, улардан 400 мингга яқини биринчи синфга, 170 мингга яқини эса ўн биринчи синфга боради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ