Қозоғистон терговчилари журналистларга ҳужум қилишда гумонланган тўрт нафар шахсни аниқладилар

bbci.co.uk сайти фотосурати

Қозоғистонлик журналистларга уюштирилган ҳужумлар бўйича ишлаётган терговчилар тўрт нафар гумонланувчини аниқладилар. Улар К. Литвинов, С. Шаповалов, Б. Демченко ва Я. Малишоклардир. Уларнинг барчаси чет эл фуқароси, шу боис ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларни халқаро қидирувга бериш ниятида, деб хабар беради республика ИИВ матбуот хизмати.

Гумонланувчилар қайси давлат фуқаролари экани ошкор этилмаган. Уларнинг исм-шарифлари 28 февраль куни ҳибсга олинган ОАВ вакилларига ҳужумлар координатори О.Токаревнинг кўрсатмаси асосида аниқланган.

ИИВ хабарига кўра, у ўз айбига иқрор бўлган ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Тахминларга кўра, Литвинов, Шаповалов ва Демченко ҳужумчи «тўнғиз» ларни қидириш ва ёллаш билан шуғулланишган, журналистлар ҳақида жумладан очиқ манбаларидан маълумотлар йиғишган, давлат маълумотлар базаларига кириш ҳуқуқига эга бўлган одамларни қидиришган.

Токарев билан биргаликда гумонланувчилар ўз режаларини амалга ошириш механизми ва тартибини ишлаб чиқишади, жумладан автомобилларга ўт қўйиш ундан ўрин олган.

Малишок хакерлик йўналиши учун жавобгар бўлган. Хусусан, у Orda ва Elmedia нашрлари сайтларига DDoS- ҳужумларини уюштирган ва Ulysmedia таҳририяти веб-ресурсини бузиб кирган.

«Ҳозирда Бош прокуратура билан биргаликда Токаревнинг шерикларини халқаро қидирувга бериш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Ташаббускор шахсларни аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда, унинг натижалари қўшимча равишда эълон қилинади», — дейилади Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги хабарида.

21 февраль куни Қозоғистон хавфсизлик кучлари журналистларга қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этганликда гумон қилинаётган 18 киши қўлга олинганини маълум қилди. Полиция томонидан «Таҳдид», «Шахсий ҳаётга оид маълумотларни тарқатиш», «Журналистлик фаолиятига тўсқинлик қилиш», «Ўзганинг мулкини қасддан йўқ қилиш» ва «Безорилик» моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

28 февраль куни Олмаотада ОАВ ходимларига ҳужум уюштирган «малакали хакер» О.Токарев қўлга олингани маълум бўлди. Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, ҳужумчилар 30 дан ортиқ провокацияларни содир этишган ва уларнинг мақсади «Қозоғистон Республикаси Президентини ва у амалга ошираётган демократик ислоҳотларни обрўсизлантириш мақсадида ОАВ вакилларига таъқиблар бўлаётганини имитация қилиш бўлган».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ