Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Жетису вилоятида қуввати 1 ГВт бўлган шамол станциясини қуради. Тегишли келишув 1 март куни Ар-Риёдда имзоланди, деб хабар беради Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Қозоғистон Энергетика вазири Болат Акчулаков ва «Самрук-Казина» АЖ бошқаруви раиси Алмасадам Саткалиев Саудия Арабистонига иш сафари чоғида Қироллик Энергетика вазирлиги раҳбари шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд ва мамлакатдаги йирик компаниялар Saudi Aramco, SABIC ва ACWA Power раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
ACWA Power шамол электр станциясини қуриш, шунингдек, лойиҳани молиялаштириш ва объектни ишлатиш мажбуриятларини ўз зиммасига олди.
Қурилиш 2025 йилда бошланиши кутилмоқда.
«Лойиҳанинг амалга оширилиши Қозоғистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш концепциясида тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш, янги иш ўринларини яратиш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатда яшил электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради», — дейилади Қозоғистон Энергетика вазирлиги баёнотида.
Саудиянинг ACWA Power компанияси Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам фаол. Хусусан, у Ўзбекистонда умумий қиймати 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган бир қанча электр станцияларини қурмоқда.