Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги: 700 минг киши сув тошқини зонасида қолиши мумкин

KAZPRAVDA.KZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қозоғистонда қор кўплиги ва тупроқнинг қаттиқ музлаши туфайли бу йил йирик сув тошқини бўлиши кутилмоқда. Воқеалар салбий ривожлан тақдирда сув тошқини зонасида 255 та аҳоли пункти бўлиши мумкин, бу 127 мингдан ортиқ уй ва 700 мингдан ортиқ аҳолини ташкил этади. Бундай прогнозларни республика Фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильин айтиб ўтди, дея хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Вазиятнинг ноқулай ривожланишига йўл қўймаслик мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ички ишлар органлари билан биргаликда аҳоли пунктлари ҳудудларини ободонлаштириш, хусусан, аҳоли пунктларидаги дренаж ва канал тизимлари ҳолатини яхшилаш ва қорларни олиб кетиш ишларини амалга оширишмоқда.

Ильиннинг таъкидлашича, ҳозирга қадар 179 та ҳокимият сув тошқинларига тайёр эмаслиги ҳақида огоҳлантирилган.

Ўз навбатида вазир сув тошқини мавсумига тайёргарлик ҳақида гапирди. Унга кўра, йил бошидан буён 16 километрдан ортиқ вақтинчалик тўғонлар, аҳоли пунктлари атрофида 41 километрдан ортиқ қўрғон қурилган, 5 минг километрга яқин канал ва ариқлар тозаланган, шунингдек, автомобиль ва темир йўллар остига 8,5 километр сув ўтказгичлар қурилган.

Вазирлик қорни тозалашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Маҳаллий ҳокимият органлари мазкур муаммони кўпинча йирик шаҳарлар ва вилоят марказларида ҳал этаётгани, қишлоқ аҳоли пунктларига эътибор берилмаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, дарёларда муз қатламининг заифлашиши муҳимлигини инобатга олган ҳолда, ФВВ томонидан портлатиш ишлари ташкил этилиб, 35 та тегишли шартномалар тузилган.

Ильиннинг таъкидлашича, гидротехник иншоотларнинг сув тошқинларига тайёрлигини баҳолаш қийинлиги Экология ва табиий ресурслар вазирлиги томонидан ҳар йили уларнинг сонини ўзгартирилаётгани сабаб бўлмоқда. «Агар 2022 йил бошида умумий гидротехник иншоотлар сони 1823 та бўлиб, шундан 537 таси таъмирга муҳтож бўлган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 1806 та, 534 тасини таъмирлаш лозим», — дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари.

Шу билан бирга, Қозоғистондаги аксарият сув хўжалиги объектларининг эскириб кетиши 60% дан ошиб кетган.

Вазир февраль ойи бошида республика жанубида содир бўлган сув тошқини масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Воқеа сабаблари орасида Ильин дренаж каналлари, ҳимоя қирғоқлари, шунингдек, қишлоқларда ариқ-дренаж тизимининг йўқлигини айтиб ўтди.

ФВВ маълум қилишича, натижада 46 аҳоли пунктида ҳовли ва уйлар сув остида қолган. Вазирлик ходимлари маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда 21 минг куб метр сувни чиқариб ташлаган, 18 мингдан ортиқ қоплардан иборат вақтинчалик тўғонлар ётқизган.

Қозоғистонда тошқиннинг олдини олиш билан Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги ҳам шуғулланади. Вазирлик раҳбари Марат Қорабаевнинг маълум қилишича, республика бўйлаб рельс ўрамлари ва сифатсиз темир-бетон шпалларидан иборат 45 та тошқинга қарши поезд тайёрланмоқда.

«Жанубий минтақада (Олмаота, Жамбил, Чимкент, Қизилўрда) 15 та шундай поезд ташкил этилди. Бундан ташқари, 15 мартга қадар Ғарбий минтақада (Ақтўбе, Атирау, Манғишлоқ) 10 та, Шарқий минтақада (Семей) бешта ва Шимолий минтақада (Остона, Қўстанай, Павлодар, Караганда) 1 апрелга қадар 15 та поезд ташкил этилади»дея хулоса қилди вазир.

Йўлларга ҳам эътибор қаратилмоқда – айни пайтда 396 та хавфли участка, 68 та кўприк ва 768 та сув ўтказувчи қувурлар аниқланган. Сув тошқинларига қарши курашиш учун 20 минг куб метр қум, 6 минг куб метр тош бўлаклари, 8 минг куб метр шағал, 18 минг куб метр қум-шағал, 125 мингта қоп тайёрланган. Ҳокимият томонидан 700 та техника ажратилиб, автомобиль йўлларининг барча хавфли участкаларида ва йўл иншоотлари яқинида кечаю кундуз патрул хизмати ташкил этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ