Қозоғистон, Россия ва Беларусь Остонада хоккей бўйича янги турнир ташкил қилади

Қозоғистон ва Россия хоккейчилари.sports.kz сайти фотосурати

Жорий йилнинг май ойи бошида Остона шаҳрида хоккей бўйича янги турнир бўлиб ўтади, унда Қозоғистон, Беларусь ва Россия терма жамоалари иштирок этади. Бу ҳақда Россия хоккей федерацияси (РХФ) президенти Владислав Третьяк маълум қилди, деб хабар беради РИА Новости.

Третьякнинг сўзларига кўра, Россия терма жамоалари баҳорда «бир қатор учрашувлар» ўтказишни режалаштирилган.

«Хоккейчиларимиз ўз майдонида ҳам, хорижда ҳам, жумладан, Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган мусобақаларда ҳам шайба суради. Биринчи канал кубоги доирасида қозоғистонлик ҳамкасбим Асқар Мамин билан суҳбатлашдик. У Остонада уч давлат иштирокида турнир ўтказишни таклиф қилди. Улар Россия, Қозоғистон ва Беларусь бўлиши режалаштирилган — худди шу таркиб декабрь ойида Москвадаги халқаро турнирда бўлганди. Бизга бу ғоя жуда ёқди, биз ҳамкасбларимиз таклифини мамнуният билан қабул қиламиз», — деди Третьяк.

Эслатиб ўтамиз, 12-28-май кунлари Латвия ва Финляндияда хоккей бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади ва унда Қозоғистон терма жамоаси иштирок этади. Россия ҳукумати томонидан Украина ҳудудида «махсус ҳарбий операция» (МҲО) ўтказгани муносабати билан Россия ва Беларусь терма жамоалари мусобақалардан четлаштирилди. МҲО бошлангандан сўнг, дунёнинг аксарият терма жамоалари Россия жамоаси билан ўйнашни рад этишди. 2022 йил март ойидан буён финляндияликлар фақат Беларусь ва Қозоғистон терма жамоаларига қарши ўйин ўтказди, шунингдек, Россия ёшлар терма жамоаси билан ҳам тўқнаш келди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ