Тўқаев ниҳоят Элбаси мақомини бекор қилди

Нурсултон Назарбоев ва Қосим-Жомарт Тўқаев. arex.ru сайти фотосурати

«Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбаси тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотди. Республиканинг амалдаги раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев тегишли конституциявий қонунни имзолади, деб хабар қилди Қозоғистон президенти матбуот хизмати 15 февраль куни.

Парламент депутатлари 13 январь куни палаталарнинг қўшма мажлисида биринчи президент тўғрисидаги қонунни бекор қилди. Шу билан бирга, Нурсултон Назарбоевга республиканинг барча собиқ раҳбарларига бўлгани каби Конституциянинг 46-моддаси ва «Қозоғистон Республикаси Президенти тўғрисида»ги конституциявий қонуннинг VI бобида белгиланган умумий кафолатлар тегишли бўлади. Бироқ, Қозоғистон Адлия вазири Азамат Ескараевнинг айтишича, қонун бекор қилинганидан кейин Назарбоев оила аъзоларининг дахлсизлиги таъминланмайди.

2000 йили «Биринчи Президент тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Элбаси мақомини олган Нурсултон Назарбоев алоҳида мавқега эга бўлганди – уни ушлаш, ҳибсга олиш,уни тинтув қилиш, сўроққа чақириш ва қамоққа олиш мумкин эмас эди. Қонун Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли мулк ва банк ҳисоб рақамлари дахлсизлигини кафолатлаган. Уларнинг барчасига умрбод ҳимоя, алоқа, транспорт таъминоти ва бошқа имтиёзлар берилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ