Қозоғистондаги мактабларнинг бирида 9-синф ўқувчиси учта болани болта билан жароҳатлади

tengrinews.kz сайти фотосурати

Шимолий Қозоғистон вилоятининг Петропавловск шаҳрида 9-синф ўқувчиси мактабга болта ва пичоқ олиб келиб, мактаб ўқувчиларига ҳужум қилган. Бу ҳақда вилоят таълим бошқармасига таяниб, «Петропавловск.news» хабар беради.

Ҳодиса 13 февраль куни 4-умумтаълим мактабида содир бўлган. Соат 7:50да 9-синф ўқувчиси Д. мактаб биносига кириб, 10 ва 9-синфларда ўқийдиган икки ўғил ва бир қизни болта билан яралаган.

Боши ва билак қисмидан жароҳатланган икки бола шифохонасига ётқизилган, учинчи болага воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Барча болалар ҳушида.

Таълим бўлими бошлиғи Назир Жашибековнинг тушунтиришича, мактабга кираверишда болалар тинтув қилинмайди. Ижтимоий тармоқлар ҳужумдан олдин 9-синф ўқувчиси ниқоб кийгани ҳақида ёзмоқда.

«Вояга етмаган Д. ИИБ ходимлари томонидан қўлга олиниб, мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 24-моддаси 3-қисми, 99-моддаси 2-қисми 1-қисми 14-банди (қотилликка уриниш) билан судга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда»,деб хабар беради Шимолий Қозоғистон вилояти прокуратураси матбуот хизмати.

Дастлабки маълумотларга кўра, Д. психиатрия учётида турган.

«Дастлабки тергов доирасида вояга етмаганлар ва мактаб маъмурияти ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», — дея қўшимча қилди назорат органи.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ