Қозоғистонлик профессионал боксчи Геннадий Головкин ТВ-шартнома йўқлиги сабаб бразилиялик Эскива Фалькаога қарши жангда ўрта вазнда IBF чемпионлик камарини ҳимоя қилишдан воз кечишга қарор қилди. Бу ҳақда Головкиннинг адвокати Жон Хорневер инсайдер Дэн Рафаэл орқали маълум қилди, деб хабар беради «Спорт Шредингера» Telegram-канали.
Қайд этилишича, қозоғистонлик боксчи 2018 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келаётган DAZN стриминг хизмати Головкин иштирокидаги навбатдаги жангга қизиқиш билдирган. Хорневернинг сўзларига кўра, Головкин жамоаси Фалькаога қарши жанг ташкил қилишга уринган, бироқ DAZN бу жангга қизиқмаган ва улар қозоғистонлик футболчини бошқа рақибга қарши тўқнаш келишини исташмоқда.
«Геннадий фаолиятини тугатмаяпти. У мухлислар учун энг яхши жангни топишга ҳаракат қиляпти. IBFнинг мажбурий рақиби Фалькао билан музокаралар муддати келаси ҳафта охирида тугайди, аммо Геннадий шу вақтгача кутмасликка қарор қилди ва имкон қадар тезроқ бошқа жанг ўтказиш ниятида чемпионлик унвонидан воз кечишни тўғри деб ҳисоблади, зеро мазкур жанг амалга ошмас эди», — дейилади хабарда.
IBF аллақачон Фалькао ва иккинчи ўриндаги австралиялик Майкл Зерафа ўртасида чемпионлик учун курашни ташкил этиш бўйича музокараларни режалаштирган.
Хорневер худди шундай ҳолат Головкиннинг кубалик Эриследи Ларага қарши WВА чемпионлик камарини ҳимоя қилиши билан ҳам юзага келиши мумкинлигини таъкидлади. WВА узоқ кутмади ва Головкиндан 23 февралгача Лара билан келишишни талаб қилди.
Агар Головкин WВА чемпионлик камарини ҳимоя қилишдан бош тортса ҳам, унда IBO чемпионлик камари қолади.
Айни пайтда Boxingnews24.com сайтининг доимий муаллифларидан бири Крейг Дэйлининг фикрича, 40 ёшли Головкин Ларага дуч келмаслик учун WВА чемпионлик унвонидан воз кечади, чунки қозоғистонлик «сўнгги бешта жангда ўзини яхши кўрсатолмаганди».
Геннадий Головкин (45 жанг, 42 ғалаба, 1 дуранг, 2 мағлубият) — февраль ойига қадар расман IBF, IBO ва WBA йўналишлари бўйича ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпиони ҳисобланган. WВC (2016-2018), The Ring (2018) версияси бўйича собиқ жаҳон чемпиони, шунингдек Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори (2004), Жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори ҳисобланади.