Ўзбекистон ва Тожикистон футбол фахрийлари илк бор Москвада бўлиб ўтадиган «Афсоналар кубоги»да тўп суришади

legends-cup.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонлик футбол юлдузи Сервер Жепаров ва Тожикистон терма жамоаси фахрийси Хуршед Маҳмудов Москвада Константин Еременко номидаги «Афсоналар кубоги»да МДҲ терма жамоаси сафида тўп суради. Жамоага яна бир тожикистонлик Мухсин Муҳаммадиев мураббий этиб тайинланди.

МДҲ терма жамоаси сафида Жепаров ва Маҳмудовдан ташқари қозоғистонлик Алмат Бекбоев ва Фарҳодбек Ирисметов ҳамда Беларусь, Озарбайжон, Молдова ва Арманистондан келган футбол фахрийлари ҳам бор.

Турнирда «Россия афсоналари», «Лотин мамлакатлари афсоналари», «Африка афсоналари», «Европа афсоналари» ва «Юлдузлар жамоаси» ҳам иштирок этади.

Таъкидлаш жоиз, «Европа афсоналари»да ўн нафар футболчидан тўрт нафари турк, иккитаси серб. Жамоага германиялик Кевин Кураньи мураббийлик қилади, у футбол ўйнаган даврида Москванинг «Динамо» клубида тўп сурган.

Мусобақа ташкилотчилари Европа жамоалари ва 2009 йили ташкил этилганидан буён «Афсоналар кубоги»да мунтазам ўйнаб келган аксарият ўйинчиларнинг Россия ҳукумати томонидан Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошланганлиги сабабли турнирда иштирок этишидан бош тортгани муносабати билан илк бор МДҲ мамлакатлари терма жамоасини шакллантиришга қарор қилишди. Ўтган йили уларнинг ўрнига Қозоғистон терма жамоаси, шунингдек, Россия Федерациясига келишга рози бўлган хорижлик футболчилардан тузилган «Юлдузлар» ва «Афсоналар» жамоалари таклиф этилганди. Ўшанда Бразилия ва Туркия термалари энг кучли таркиб билан келмаган бўлса-да, турнирда қатнашишдан бош тортмаган эди.

11-12 февраль кунлари «Мегаспорт» спорт саройида футбол бўйича XV «Афсоналар кубоги» халқаро турнири бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ