Қозоғистонлик журналист Махамбет Абжан 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

t.me/abzhannews фотосурати

Қозоғистонлик мустақил журналист, ABZHAN NEWS Telegram-канали муаллифи Махамбет Абжан 9 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри.

3 февраль куни Остона шаҳрининг Сариарқа тумани 2-сонли жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди томонидан тегишли қарор қабул қилинган. Журналист товламачилик ва атайлаб ёлғон маълумот тарқатишда айбдор деб топилган.

«Абжан ҳаракатларида хавфли жиноят мавжудлиги тан олинсин. Жазони ўташ жойи этиб фавқулодда хавфсизлик хизмати муассасаси тайинлансин. Ҳибсда ушлаб туриш чорасиҳукм қонуний кучга киргунга қадар ўзгаришсиз қолдирилсин»,дея судя Айжан Кулбаева суд қарорини маълум қилди.

Журналист иши бўйича суд 6 январь куни бошланган. Бир кун аввал прокурор унга 11 йил махсус режимли колония жазосини сўраган.

Махамбет Абжан ўтган йил 3 июлида коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан тадбиркордан «ОАВда обрўсизлантирувчи маълумотларни тарқатиш таҳдиди остида» ўта йирик миқдорда пул талаб қилганликда гумонланиб ҳибсга олинган. Шу билан бирга, журналист жиноят устида — 50 миллион тенге (106 минг доллар) олаётган пайтда қўлга олингани хабар қилинган. Интернет тармоқларида унинг Телеграмдаги жабрланувчининг исмини олиб ташлаш учун товон пули миқдори бўйича олиб борилган музокаралари чоп этилган.

Абжан бу айбловларни рад этган.

ABZHAN NEWS Telegram-канали жабрланувчи сифатида тадбиркор Рашит Махатни кўрсатади.

Бутун суд жараёни ёпиқ форматда ўтказилган. Дастлабки суд мажлисида жабрланувчининг адвокати шахсий маълумотлар, шунингдек ҳақоратлар тарқалиши хавфини олдини олиш мақсадида суд шу йўсинда ўтишини илтимос қилган. Прокурор Алмира Қўжахметова илтимосномани қўллаб-қувватлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ