Қозоғистоннинг Arbat.media интернет нашри Украинадаги можарога оид материал туфайли Россиянинг Владимир шаҳри Ленинск туман судига чақирилган. Таҳририятга келиб тушган суд хабарининг сканери 31 январь куни чоп этилган.
Россия армиясининг 56680-ҳарбий қисмининг 19-ҳарбий прокуратураси томонидан нашрга нисбатан маъмурий даъво қўзғатилган. Ҳужжатни армия ҳарбий прокурори ўринбосари, адлия капитани В.А. Баженов имзолаган. Бу иш бўйича суд мажлиси 17 февралга белгиланган.
Хабарда айтилишича, даъво «айрим шахслар манфаатларига қарши» қўзғатилган ва Arbat.media веб-сайтида Роскомнадзорнинг Владимир вилояти бўйича бошқармаси Россия Федерациясининг Украина ҳудудидаги махсус ҳарбий операциясига доир «ҳақиқатга мос келмайдиган ва сиёсий характерга эга ёлғон маълумотларни аниқлаган».
Бундан ташқари, хабарномада Arbat.media веб-сайтидаги материаллардан бири Украинада давом этаётган МҲО мақсадлари ҳақида нотўғри маълумот бериши, Россиянинг расмий позициясига зид экани ва «норозилик кайфиятини яратишга қаратилгани» таъкидланган.
Нашрнинг ёзишича, суд жараёнига Харьков вилоятидаги ҳарбий ҳаракатларга доир сентябрда чоп этилган мақола сабаб бўлган. 2022 йил ноябрь ойида Роскомнадзор Arbat.Mediaдан материални ўчириб ташлашни талаб қилган. Россия назорат департаменти сўнгги ойларда қозоқ оммавий ахборот воситаларига бундай характердаги мактубларни фаол равишда жўнатмоқда. Шундай қилиб, декабрь ойида Роскомнадзор Informburo.kz сайтидан Украинадаги можаро ҳақидаги шарҳлардан бирини олиб ташлашни талаб қилган. Худди шундай сўровлар Vlast.kz интернет нашри муҳаррирларига ҳам келиб тушган.
Arbat Media нашри қозоғистонлик тадбиркор Арманжан Байтасов ташаббуси билан ташкил этилган . Янги медианинг тақдимоти 2022 йил баҳорида бўлиб ўтган. У ўзини собиқ Иттифоқ мамлакатларидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалардан хабардор қилувчи «Евросиё ахборот-таҳлилий платформаси» сифатида намоён этади.