Қозоғистон Франциянинг атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш тажрибаси билан қизиқди. Бу ҳақда «Самрук-Қозина» миллий жамғармаси раҳбариятининг Франциянинг Électricité de France (EDF) атом энергияси компанияси вакиллари билан учрашувидан сўнг маълум бўлди.
26 январь куни томонлар Қозоғистондаги АЭС лойиҳасининг ҳозирги ҳолатини, шунингдек, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар, деб хабар қилади жамғарма матбуот хизмати. «Жамғарма бошқарувчи директори Ернат Бердигулов Қозоғистон томони EDFнинг янги атом электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш борасидаги тажрибаси ва ваколатларидан манфаатдор эканини таъкидлади», — дейилади хабарда.
👉 EDFнинг замонавий EPR1200 реакторига оид таклифи Қозоғистондаги бўлажак атом электр станцияси учун реактор технологияларининг потенциал етказиб берувчиларининг рўйхатидан жой олган. Рўйхатда яна учта таклиф бор: Хитойнинг CNNC, Кореянинг KHNP ва Россиянинг «Росатом» корхонаси. Республика расмийлари ушбу технологияларнинг бирортаси фойдасига ҳали якуний танлов қилмаган. Бугунги кунга қадар фақат келажакдаги атом электр станциясини қуриш учун жой аниқланган — у Балхаш кўлида пайдо бўлади.
Сўнгги йилларда Қозоғистон раҳбарияти бир неча бор АЭС қуриш тарафдори эканини маълум қилди, бироқ авваллари бу масала қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. 2021 йил сентябрида президент Қосим-Жомарт Тўқаев Шарқ иқтисодий форумининг ялпи мажлисида видеоалоқа орқали сўзлаган нутқида унинг мамлакатига атом электр станцияси зарурлигини айтди. Ноябрь ойи ўрталарида президент мамлакатда электр энергияси тақчиллигининг дастлабки аломатлари аллақачон сезилаётганини таъкидлаб, атом электр станцияси бўйича «номақбул қарорлар»ни ваъда қилган, гарчи Тўқаев бундан олдин аҳоли фикрини инобатга олмасдан станция қуриш бўйича қарор қабул қилинмаслигини айтган эди.