Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форумида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форуми иштирокчилари. ИССВ матбуот хизмати фотосурати

Бишкекда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форумида умумий қиймати 1,6 миллиард долларга тенг 50 дан ортиқ шартнома имзоланди, деб ёзади ЎзА.

Бизнес-форум 25 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи арафасида бўлиб ўтди. Унинг ишида икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, вилоят ҳокимликлари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг 350 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Форумда таъкидланганидек, сўнгги беш йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми етти бараварга кўпайиб, 2022 йили 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодиёти цемент, кўмир, рангли металлар, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, фармацевтика, маиший ва савдо ускуналарини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига яқин келажакда 2 миллиард долларлик кўрсаткични энгиб ўтиш учун етарли салоҳиятга эга.

Форум якунлари бўйича қуйидаги шартномалар имзоланди:

👉 300,3 млн долларлик инвестиция шартномалари;

👉 1155,6 млн долларлик экспорт шартномалари;

👉 223 млн долларлик импорт шартномалари.

Имзоланган ҳужжатлар орасида:

▶️ агросаноат комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси;

▶️ Қирғизистондан Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома;

▶️ Ўзбекистонга 100 миллион доллар миқдорида маккажўхори донини етказиб бериш бўйича келишув;

▶️ Ўзбекистон компаниялари маҳсулотларини Қирғизистонда сотиш бўйича ҳамкорлик шартномаси;

▶️ Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;

▶️ тери ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Қирғизистоннинг Норин вилоятида картошка етиштириш бўйича қишлоқ хўжалиги кластерини ташкил этиш тўғрисидаги битим;

▶️ «Қирғизистонда калций карбидини ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш» инвестиция лойиҳаси доирасида 20 миллион долларлик қўшма ҳамкорлик тўғрисидаги битим;

▶️ Чорвачилик комплекси ва картошка етиштириш бўйича агрокластер яратиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва бошқа ҳужжатлар мавжуд.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ