Қирғизистонлик журналистлар Темиров ва Тажибек қизи Клуни жамғармасининг The Albies мукофотига сазовор бўлди

Темир Болотовнинг Facebookдаги саҳифасидан коллаж

Қирғизистонлик журналист-тадқиқотчилар Болот Темиров ва Махабат Тажибек қизи «Клуни адолат учун жамғармаси» (Clooney Foundation for Justice) томонидан таъсис этилган халқаро инсон ҳуқуқлари мукофоти — The Albies мукофоти совриндорлари бўлди. Бу ҳақда Clooney Foundation for Justice хабар берди.

Мукофот адолат ва инсон ҳуқуқлари учун курашга қўшилган ҳисса учун берилади. 2026 йилда совриндорлар қаторига малавилик ҳуқуқ ҳимоячиси Ванесса Мвангала, америкалик фотожурналист Линси Аддарио, Конгонинг Justice Plus ташкилоти ва Microsoft президенти, ҳуқуқ ҳимоячиси Брэд Смит ҳам кирди.

Мукофотни топшириш маросими 9 октябрь куни Лондон Табиий тарих музейида бўлиб ўтади.

Болот Темиров Facebookдаги саҳифасида мукофотнинг берилишини коррупцияга қарши журналистик суриштирувлар билан шуғулланган Temirov Live KG ва «Айт Айт Десе» онлайн лойиҳалари фаолиятининг халқаро миқёсда эътироф этилиши деб ҳисоблашини таъкидлади.

2022 йил январь ойида «Ташиевлар клан»и ҳақидаги суриштирув эълон қилинганидан сўнг Темиров қўлга олинган. Суд уни ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ эпизод бўйича айбдор деб топиб, Қирғизистон фуқаролигидан маҳрум қилиш ва мамлакатдан депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган. Ҳозирда журналист хорижда бўлиб, ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 2026 йил июнь ойида унинг шикояти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида рўйхатга олинган.

Temirov Live KG ва «Айт Айт Десе» лойиҳаларига Темировнинг рафиқаси — журналист Махабат Тажибек қизи раҳбарлик қилган. Улар биргаликда жамоатчиликда катта акс-садо берган коррупцияга қарши журналистик суриштирувлар устида ишлашган.

Тажибек қизи 2024 йил январь ойида ўн нафар ходим билан бирга қўлга олинган. Улар намойишлар ва оммавий тартибсизликларга даъват қилишда айбланган. Дастлаб барча гумондорларга икки ой муддатга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган, кейинчалик суд улардан етти нафарини уй қамоғига ва тилхат асосида озод қилган.

2024 йил октябрь ойида Бишкекнинг Ленин туман суди Тажибек қизини олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. 2026 йил март ойида Қирғизистон Олий суди ҳукмни бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун юборган. Эҳтиёт чораси мамлакатдан чиқиб кетмаслик ҳақида тилхат олишга ўзгартирилган. 2025 йил ноябрь ойида БМТнинг Ўзбошимчалик билан ушлаб туришлар бўйича ишчи гуруҳи Тажибек қизининг ҳибсда сақланишини ўзбошимчалик билан амалга оширилган, деб топган.

Эҳтиёт чораси ўзгартирилганига қарамай, мамлакатдан чиқишга қўйилган тақиқ сақланиб қолмоқда. 2026 йил 25 августда Бишкекнинг Ленин туман суди ҳимоя томонининг Тажибек қизига The Albies мукофотини топшириш маросимида иштирок этиш учун Лондонга боришга рухсат бериш ҳақидаги илтимосномасини рад этди. Адвокат Акинбек Ногоевнинг таъкидлашича, суд қарори нафақат унинг ҳимоясидаги шахснинг мақомига, балки «умуман Қирғизистон мақомига» ҳам дахл қилади.

The Albies — Жорж ва Амал Клуни томонидан 2022 йилда таъсис этилган ҳар йилги мукофот. У апартеидга қарши курашган Жанубий Африка судьяси Альби Сакс номи билан аталган. Мукофотнинг мақсади — ўз хавфсизлигини хатарга қўйган ҳолда адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган шахслар ҳамда ташкилотларга эътибор қаратишдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ