Толиблар Ўзбекистонни энергия таъминоти бўйича келишувга риоя қилишга чақирди

Амир Хон Муттаки (ўртада). Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона" АА

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати Ўзбекистонни Кобул ва Тошкент ўртасида имзоланган шартномада кўрсатилган миқдорда электр энергиясини беришга чақирган. Бу ҳақда толиблар томонидан тузилган ҳукуматдаги Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Амир Хон Муттаки маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.

Муттаки Ўзбекистонни қишнинг совуқ кунларида Афғонистондаги электр энергиясини узиб қўйганини танқид қилади.

«Улар [Ўзбекистон томони] [Афғонистон давлат энергетика компанияси] Da Afghanistan Breshna Sherkatга 400 мегаваттдан ортиқ электр энергияси етказиб бериш борасидаги берган ваъдаларига содиқ қолишлари керак. Ҳозир улар электрни ўчириб қўйишди, одамлар муаммога дуч келишмоқда», — деди Афғонистон ТИВ раҳбари.

Кобул аҳолисининг айтишича, Афғонистон пойтахтида сўнгги бир неча ҳафта давомида мисли кўрилмаган совуқ қиш шароитида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Пойтахтликларнинг айтишича, электр энергияси кунига атиги бир соат берилмоқда.

«Электр энергияси кечаси ярим соат давомида берилади. Биз кўп муаммоларга дуч келяпмиз. Сиз биласизки, биз макротуманлардаги кўп қаватли уйлардаги (Кобулдаги совет панелли кўп қаватли уйларидан иборат туманлар. — «Фарғона» изоҳи) квартираларига ўтин ёқадиган печка ўрнатолмаймиз, шунинг учун биз уйларимизни иситиш учун газдан фойдаланамиз», — дейди Қобулда истиқомат қилувчи Афғони (Afghani) исмли йигит.

«Биз бу муаммоларни ҳар томонлама ҳал этиш учун кечаю кундуз ишлаяпмиз», – дейди Кобул энергетика ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ҳикматулла Охундзода (Hekmatullah Akhundzada).

Афғонистонга электр энергиясини етказиб берувчи асосий давлатлар Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Эрондир. Ўзбекистондан афғонларга электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома январь ойи бошида «Толибон» вакилининг Тошкентга ташрифи чоғида узайтирилган эди. Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар Ўзбекистоннинг ўзидаёқ энергетика инқирози фонида бошланган – аномал совуқ об-ҳаво туфайли мамлакатда электр энергияси истеъмоли кескин ошиб кетди ва маҳаллий қувватлар эҳтиёжни қоплай олмаяпти.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ