Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳуқуқ-тартибот идораларига журналистларга ўтган йил кузидан бери содир бўлаётган ҳужумларни чуқур текширишни топширди. Бу ҳақда Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) да унинг матбуот котиби Руслан Желдибай маълум қилди.
«Мақсад жамоат хавфсизлиги ва давлат обрўсига путур етказувчи ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг нафақат айбдорлари, балки буюртмачилари ҳам аниқланиши керак», — деди у.
Қозоғистонда журналистларга ҳужумлар ноябрь ойида, номаълум шахслар El Media интернет нашри таҳририяти жойлашган бизнес марказининг ойна ва эшикларини синдириб ташлаганидан сўнг бошланган эди. Ҳужумлар шу йилнинг январь ойи ўрталарида такрорланган.
13 январь куни ҳужумчилар «Алтиншй Кантар» фуқаролик коалицияси аъзоси Динара Егеубаеванинг машинасига ўт қўйган. Кейинроқ полиция ушбу иш бўйича беш нафар вояга этмаган бола қўлга олинганини айтди. 18 январь куни номаълум шахслар UlysMedia.kz сайтига бузиб кириб, ундаги нашр бош муҳаррири Самал Ибраеванинг шахсий маълумотлари ва унинг фарзандлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилишган.
Куни кеча журналист Вадим Борейко, ўз навбатида, уч номаълум шахс унинг квартираси эшигини тўсмоқчи, эҳтимол, уни ёқиб юбормоқчи бўлишганини айтди. У буни касбий фаолияти билан боғлади ва журналистларга қилинган сўнгги ҳужумларни «бир-бирига боғлиқ» деб атади. Борейко полицияга берган кўрсатмасида журналистлар, хусусан, Динара Егеубаева, Гулжан Ергалиева, Гулнар Бажкенова (ўтган йил кузида номаълум кимсалар Orda.kz сайти бошлиғига йиртилган сурати оғзига тиқилган чўчқа калласини юборишган) Самал Ибраева ва унинг ўзига уюштирилган ҳужумлар бир марказдан мувофиқлаштирилган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.