Қозоғистон парламенти биринчи президент тўғрисидаги қонунни бекор қилди

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистон парламенти депутатлари 13 январь куни бўлиб ўтган палаталарнинг қўшма мажлисида «Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Елбаси тўғрисида»ги қонунни бекор қилди, деб ёзади Kursiv.kz.

Ҳар икки палата олдида сўзга чиққан депутат Ерлан Саиров ўтган йили умумхалқ референдуми натижасида мамлакатда янги Конституция қабул қилинганини, унга Қозоғистон аҳолисининг 77 фоизи овоз берганини эслатди.

«Ўзгартиришларга кўра, Конституция 46-моддасининг биринчи президент Елбасининг мақоми ва ваколатлари Конституция ва конституциявий қонун билан белгиланишини белгиловчи 4-банди олиб ташланди.

Қозоғистоннинг демократия ва плюрализм сари чуқур сиёсий ўзгаришлари даврида ҳокимиятни хусусий гуруҳлар томонидан эгаллаб олишга олиб келадиган ҳар қандай механизмларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга», — деди мажлис депутати.

Ўз навбатида, Сенат (парламент юқори палатаси) депутати Владимир Вольков биринчи президентга энди Конституциянинг 46-моддаси ва «Қозоғистон Республикаси Президенти тўғрисида»ги конституциявий қонуннинг 6-бобида белгиланган умумий кафолатлар берилишини таъкидлади. Унда мамлакатнинг собиқ раҳбарларига тегишли алоҳида қоидалар мавжуд.

Жумладан, 34-моддада собиқ президент, унинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги белгиланган. Шунингдек, 36-моддада шундай дейилган:

«Республиканинг собиқ президенти президентлик ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, давлатга хиёнат қилиш ҳоллари бундан мустасно».

2000 йили «Биринчи Президент тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Элбаси унвонига эга Нурсултон Назарбоев алоҳида мавқега эга бўлган – биринчи президентни ушлаш, ҳибсга олиш, тинтув қилиш, сўроққа чақириш ва қамоққа олиш мумкин эмас. Қонун Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли мулк ва банк ҳисоблари дахлсизлигини кафолатлаган. Уларнинг барчаси умрбод хавфсизлик, алоқа, транспорт ва бошқа имтиёзлар билан таъминланган.

Қозоғистон Адлия вазири Азамат Ескараевнинг сўзларига кўра, биринчи президент ҳақидаги қонун бекор қилинганидан кейин унинг оила аъзоларига дахлсизлик ҳуқуқи берилмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ