Назарбоев Қозоғистон фахрий сенатори мақомидан маҳрум этилди

twitter.com/aidos_ukibay фотосурати

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев фахрий сенатор мақомидан маҳрум этилди. Бу ҳақда республика Сенати (парламент юқори палатаси) раиси Маулен Ашимбаев маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

«Гап фахрий сенатор унвони ҳақида эди. Бу Конституциядан олиб ташлангани, [биринчи президент тўғрисида] қонун бекор қилинишини ҳисобга олиб, регламентимиздан «фахрий сенатор» унвонини олиб ташладик», — деди у.

Ашимбаев, шунингдек, 13 январь куни парламент палаталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтиши, унда биринчи президент тўғрисидаги қонунни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилишини таъкидлади.

Қозоғистон парламентининг юқори палатаси 2019 йил 30 майда республика биринчи президентининг қизи Дариға Назарбоева Сенат раиси бўлган пайтда Назарбоевга фахрий сенатор мақомини берилган эди. Бу мақомга кўра, Назарбоев парламент юқори палатаси мажлисларида қатнашиши мумкин эди.

Бундан аввал Қозоғистон Конституциявий суди «Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбаси (миллат етакчиси) тўғрисида»ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу конституциявий қонун 2000 йилда қабул қилинган. Унга кўра, Элбаси унвонига эга Нурсултон Назарбоев алоҳида мавқега эга эди – биринчи президентни ушлаш, ҳибсга олиш, тинтув қилиш, сўроққа чақириш ва қамоққа олиш мумкин эмас эди. Имтиёзлар унинг оила аъзоларига ҳам тегишли эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ