Остона Украина Бучасида ўрнатилган «бузилмас ўтов» хусусий ташаббус эканига урғу берди

bucha-rada.gov.ua сйти фотосурати

Қозоғистон дипломатлари Буча шаҳрида «енгилмас ўтов»ни ўрнатиш акциясида иштирок этишмаган. Бу ҳақда журналистларга Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров маълум қилди.

«Бу Украина халқига ёрдам беришга қарор қилган қозоғистонлик меценатларнинг шахсий ташаббуси. Биз буни шарҳлай олмаймиз ёки тақиқлай ҳам олмаймиз. Элчихона бу жараёнда иштирок этмаган»,— деди у.

Шу билан бирга, Смадияров Остонада бу борада «ҳеч қандай муаммо йўқлигини» таъкидлади. «Хўш, ўрнатилган, кейин нима бўлади? Ўтов — бу кўчманчиларнинг анъанавий турар жойи, уни йиғиш осон, янги жойга осонгина кўчирилади ва экологик жиҳатдан қулай уй. Шунинг учун бўлса керак, қозоғистонлик ишбилармонлар уй-жойнинг шундай турини танлашган», — дея қўшимча қилди у.

9 январь куни Украинанинг Буча шаҳар кенгаши сайтида шаҳарда «енгилмас ўтов» очилгани ҳақида хабар берилди. Бу иш, жумладан, «Қозоғистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси ва Украина халқ депутати, Қозоғистон Республикаси билан парламентлараро алоқалар бўйича депутатлар гуруҳи раҳбари Сергей Нагорнякнинг кўмаги туфайли» амалга оширилди, — дейилади пресс-релизда.

Интернетда пайдо бўлган хабарларга Россия Ташқи ишлар вазирлиги эътибор қаратди. Хусусан, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, расмий Остона Россия томонини мазкур воқеага алоқадор эмаслигига ишонтирган.

«Россиянинг яқин шеригига ишонмаслик учун асоси йўқ. Шу билан бирга, Россия-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчиликка путур етказиш мақсадида ушбу мавзуни янада «кўпиртириб юбормаслик» учун дўстларимизнинг расмий изоҳи жуда маъқул, бу эса айрим тахминларга чек қўяди», — деди у.

11 январь куни КазТАГ ахборот агентлигининг Қозоғистон дипломатик доираларидаги манбаси расмий Остонанинг Бучадаги «бузилмас ўтов»нинг пайдо бўлишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тасдиқлаб, у Қозоғистоннинг «Кусто групп» компанияси томонидан ўрнатилганини таъкидлади. «Улар буни сотиб олишган, ўзлари ўрнатишган ва украиналиклар резонанс яратиш учун атайлаб «элчихона» сўзини қўшиб ёзишганга ўхшайди. Бу компаниянинг шахсий ташаббуси эди», — дейди агентлик манбаси.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ