Қозоғистонда сўкинганлик учун жарима тўрт баробарга оширилади

polisia.kz сайти фотосурати

Март ойида Қозоғистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга майда безорилик учун жазони кучайтирувчи ўзгартиришлар кучга киради. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маъмурий полиция қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Азамат Куримбаев маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳририда жамоат жойларида ҳақоратомуз сўзлашни ишлатиш, жисмоний шахсларни ҳақоратлаш ва таҳқирлаш, бинолар, иншоотлар, турар-жой бинолари, транспорт ва жамоат жойларидаги мулкларни таҳқирлаш ва шунга ўхшаш ҳурматсизликни ифодаловчи, жамоат тартибини ва фуқаролар тинчлигини бузувчи ҳаракатлар майда безорилик деб ҳисобланади»,дея тушунтирди у.

Ҳозирда майда безорилик учун суд шахсга нисбатан бешта энг кам иш ҳақи миқдорида — 17,2 минг тенге (37 АҚШ доллари) жарима солади ёки 15 суткагача қамоққа олади. Янги таҳрирда 20 та энг кам иш ҳақи ёки 69 000 тенге (тахминан 150 доллар) жарима солиниши ёки 30 суткагача қамоқ жазоси назарда тутилган.

Ўзгартиришлар расман эълон қилинган кундан бошлаб 60 кун ўтгач кучга киради. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ушбу ҳужжатни шу йил 3 январь куни имзолаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ