Қозоғистонда «Қонли январь»дан кейин жорий қилинган газ нархини давлат томонидан тартибга солиш муддати узайтирилди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати ёқилғи қуйиш шохобчаларида суюлтирилган газни сотиш нархларини тартибга солишни 2023 йил 30 июнгача узайтирди. Тегишли буйруқни Монополияга қарши кураш агентлиги раҳбари Марат Омаров имзолади.

Ҳужжат кучга кирган. Агентлик раҳбарининг аввалги буйруғи билан нархларни давлат томонидан тартибга солиш 2022 йил 5 июлдан 2023 йил 1 январига қадар узайтирилган эди.

Kursiv.kz қайд этилганидек, Қозоғистонда автогазнинг максимал чакана нархлари минтақага қараб белгиланади: ёқилғининг энг паст нархи у ишлаб чиқариладиган ҳудудларда, энг юқори нархи эса улардан узоқда жойлашган ҳудудларда кузатилади. Хусусан, Мангистау, Ақтўбе ва Атирау вилоятларида автогаз литри 50 тенгедан (0,1 доллар) сотилмоқда. Остона, Қўстанай, Қарағанда, Шимолий Қозоғистон, Жетису, Улитау ва Павлодар вилоятларида – литри 70 тенге (0,15 доллар) туради. Олмаотада — 65 тенге (0,14 доллар). Чимкент ва бошқа вилоятларда — литри 60 тенге (0,14 доллар) ҳисобланади.

Жорий йилнинг январь ойи бошида суюлтирилган газ нархининг ошиши Мангистау вилоятидаги оммавий норозиликларга сабаб бўлганди. Норозиликлар бошқа ҳудудларга тарқалиб, тартибсизликларга айланиб кетди, кейинчалик расмийлар буни теракт ва давлат тўнтаришига уриниш деб атади. Қозоғистонда автогазнинг чегаравий нархлари норозилик намойишларидан сўнг белгиланди, бироқ давлат томонидан тартибга солиш муддати тугаганидан кейин ёқилғи нархи яна ошиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ