Қозоғистон 10 йил давомида Ўзбекистондаги учта янги иссиқлик электр станциясига кўмир етказиб беради

ИТСВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Қозоғистон Ўзбекистондаги учта янги иссиқлик электр станциясининг кўмирга бўлган эҳтиёжини камида 10 йил давомида қоплайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) матбуот хизмати хабар берди.

Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида қурилаётган умумий қуввати 2 ГВт гача бўлган учта кўмир билан ишлайдиган иссиқлик электр станцияси Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида жойлашган Шубаркўл конидан олинадиган кўмир билан таъминланади.

Кўмир етказиб бериш бўйича келишув 29 декабрь куни Остона шаҳрида икки давлат Бош вазир ўринбосарлари: Жамшид Хўжаев (Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири) ва Серик Жумангарин (Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири) томонидан инвестиция ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»га киритилган 37 та лойиҳадан биридир.

«Йўл харитаси» энергетика, транспорт, электротехника ва кимё саноати, инфратузилма қурилиши, машинасозлик, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сармоявий ва савдо ҳамкорлик чора-тадбирларини ўз ичига олади. Ҳужжатда қуйидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ қадамлар белгиланган:

▶️ Навоий ва Тошкент вилоятларида фосфорли ва комплекс минерал ўғитлар ишлаб чиқариш («Казфосфат» МЧШ ва «Ўзкимёсаноат» АК ҳамкорлигида);

▶️ BI Group компанияси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида уй-жой, ижтимоий ва тижорат инфратузилмасини қуриш;

▶️ «Аллюр компаниялар гуруҳи» АЖ иштирокида Қозоғистонда Chevrolet Onix автомобилларини ишлаб чиқариш;

▶️ Қарағанда вилоятида «Артел» маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш;

▶️ Чимкент шаҳрида керамик плиткалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

▶️ эрта картошка, гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда мева-сабзавотларни етказиб бериш.

Сўнгги беш йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан ортиқ – 2,1 миллиард доллардан 3,9 миллиард долларга ўсди, жорий йил охирига келиб бу кўрсатгич 5 миллиард долларга яқинлашади.Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда ошириш учун томонлар Бош вазир ўринбосарлари бошчилигида ишчи гуруҳ тузиш ва қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этишга келишиб олдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ